Тадбиркорлик ривожи саноатимизнинг мебелсозлик тармоғида ҳам ўз ифодасини топмоқда
  • 19 Декабрь 2014

Тадбиркорлик ривожи саноатимизнинг мебелсозлик тармоғида ҳам ўз ифодасини топмоқда

Юртимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши тобора ортмоқда. Айни пайтда республикамизда иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилаётгани, тадбиркорлар янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишда таянч куч сифатида намоён бўлаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Буларнинг бари, Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида қайд этилганидек, биз танлаган ва машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг нақадар ҳаққоний ҳамда самарали эканлигидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда кичик бизнеснинг бу қадар жадал ривожланишида соҳа вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларни ҳимоялаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилгани айни муддао бўлаяпти. Жумладан, кейинги бир-икки йил ичида тадбиркорлик субъектларига рухсат беришга оид тартиб-таомилларнинг 44 фоизи, лицензиялаш талаб қилинадиган фаолиятнинг 25 фоизи бекор қилингани, давлат органларига тақдим этиладиган молиявий ҳисоботларнинг шакли ва даврийлиги 2 баробаргача камайтирилгани уларнинг эркин фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда.
Бундай имтиёз ва имкониятлар туфайли мебелсозлик саноатида ҳам ихтисослаштирилган корхоналар сони кун сайин кўпайиб, уларда тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топмоқда.
Аслини олганда, ёғочга ишлов бериш, хусусан, ундан мебель тайёрлаш халқимизнинг азалий меҳнат турларидан бири ҳисобланади. Қувонарлиси, эндиликда мазкур касб замонавий технологиялар жалб этилган ҳолда, саноатлаштирилган усулда жадал ривожлантирилаяпти. Пойтахтимиздаги “Эътиқод” масъулияти чекланган жамияти фаолияти бунинг яққол тасдиғидир.
— Айни пайтда 40 хил стол, 30 хил стул, 50 турдан зиёд юмшоқ мебеллар ҳамда улар учун зарур бўлган буюмларни ишлаб чиқараяпмиз, — дейди жамият раиси ўринбосари Олим Исроилов. — Жорий йилда буюртмачиларга 2 миллиард 622 миллион сўмликдан кўпроқ ана шундай маҳсулотлар етказиб берилди.
Айтиш керакки, бугунги кунда корхона цехларида ёнғоқ, чинор, қайрағоч сингари маҳаллий дарахтлар ёғочидан тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ҳамда дизайни билан ҳар қандай мижоз эътиборини тортади. Тайёр маҳсулотлар республикамизнинг барча ҳудудида жойлашган “Савдо уйлари”га пешма-пеш етказиб берилмоқда. Маҳсулотларга талаб ортаётгани боис жамоа келгуси йилдан бошлаб бундай савдо нуқталарини хориж давлатларида ҳам кўпайтиришни мўлжаллаб турибди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn