Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони Наманган вилоятида 15000 тадан ортди
  • 17 Декабрь 2014

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони Наманган вилоятида 15000 тадан ортди

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимизда мустақил тараққиётимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб ишлаб чиқаришни таркибий янгилаш, уни замонавий ва юқори технологиялар асосида жадал ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратилганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Мазкур йўналишдаги чора-тадбирларнинг ижобий самараси эса, энг аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақида кўзга яққол ташланади.
Хусусан, 2000 йили Наманган вилоятида мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 33,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 77,1 фоизга етгани сўзимизга исбот бўла олади.
Дарҳақиқат, бозор талабларига тезкорлик билан мослашиш, янги технологияни жорий қилиш, қўшимча иш ўринлари яратиш борасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг имкониятлари катта. Шу боис бугун соҳа вакиллари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти рақобатбардошлиги, жаҳон андозаларига жавоб бериши билан ажралиб туради. Пировардида наманганлик тадбиркорлар экспорт амалиётлари ҳажмини ҳам муттасил кенгайтириб боришаяпти. Масалан, 2000 йилда улар томонидан 10,8 миллион АҚШ долларига тенг ташқи савдо амаллари бажарилиб, бу кўрсаткич вилоят ташқи савдо айланмасининг 14,4 фоизини ташкил этган бўлса, 2013 йилда мазкур миқдор 51 фоиздан ошиб кетди. Йил якунига қадар бу борадаги суръатлар янада ўсиши кутилаяпти.
Эътиборлиси, мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити туфайли жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони яна 1166 тага кўпайиб, 15000 тадан ортди. Учқўрғон туманидаги “Қўғаййўловчитранс” масъулияти чекланган жамияти шулардан биридир. Бу ерда лок-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 8 кишининг бандлиги таъминланди. Наманган туманидаги “Нафис текс гроуп” масъулияти чекланган жамиятида эса тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаш ўзлаштирилди. Ҳозир мазкур корхонанинг 160 нафардан зиёд чеварлари тикаётган бежирим либослар тўлиқ экспортга чиқарилмоқда.
Албатта, тилга олинган юқори ўсиш суръатлари бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтирувчи етакчи кучга айланганидан далолат беради. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn