Ҳамкорликнинг юксак самаралари
  • 16 Декабрь 2014

Ҳамкорликнинг юксак самаралари

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида чет эллик инвесторлар билан йўлга қўйилган ўзаро алоқалар салмоқли натижалар бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида хорижий сармоялар фаол ўзлаштирилмоқда. Машинасозлик, нефть-газ соҳаси дейсизми, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат саноатими — буларнинг барчасида чет эллик ҳамкорлар билан кўплаб замонавий ишлаб чиқариш объектлари ташкил этилган. Аниқроғи, бугунги кунда юртимизда 90 дан ортиқ мамлакатнинг капитали иштирокида асос солинган 4 мингдан зиёд корхоналар муваффақиятли фаолият юритаяпти. Бу эса қўшимча қийматга эга товарлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кўпайтириш, жаҳон бозорида харидоргир бўлган янги маҳсулотларни экспортга йўналтириш имконини янада кенгайтирди.
Шуни айтиш жоизки, сармоялар оқими ўз-ўзидан йўналтирилавермайди. У барқарор ривожланаётган, инвесторларнинг ҳуқуқлари кафолатланган, қисқача айтганда, инвестициявий қулай муҳит яратилган мамлакатгагина келади. Халқаро экспертларнинг фикрича, буларнинг барчаси Ўзбекистонимизда муҳайё қилингани боис инвестициялар миқдори йил сайин кўпаймоқда. Шубҳасиз, бунда Президентимизнинг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Қувонарли жиҳати шундаки, хорижий сармоялар мамлакатимизнинг марказий ҳудудларидан ташқари, олис минтақаларига ҳам йўналтирилаётир. Бунга Навоий вилояти яққол мисол бўла олади. Зотан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилгани нафақат вилоят, балки республикамиз саноат салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Гап шундаки, ўтган даврда ҳудудда 20 га яқин корхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, мингдан зиёд киши доимий иш билан таъминланди. Шу мақсадда Жанубий Корея, Хитой, АҚШ, Германия, Италия, Ҳиндистон, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар ишбилармонларининг 100 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестицияси ўзлаштирилди. 
Шундай ишлаб чиқариш қувватларидан бири — “UzEraeCable” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонаси яқинда ўзининг 5 йиллигини нишонлайди. Бу ерда меҳнат қилаётган 100 нафарга яқин йигит-қиз томонидан тайёрланаётган 39 турдаги автомобиль кабеллари эса аллақачон харидорлар эътиборига тушиб улгурди. Жамоа, шунингдек, ўтган йили “Cobаlt” русумидаги автомобиллар учун аккумулятор жгутлари ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирди. Бунда корхона цехларига 272 минг долларлик замонавий ускуналар ўрнатилгани қўл келди.
Қўшма корхонадаги мавжуд дастгоҳларнинг барчаси дастурлаштирилган компьютерлар ёрдамида бошқарилади. Бу эса ишлаб чиқаришда  юқори аниқлик ва самарадорликка эришишда айни муддао бўлмоқда.
— Бу каби муваффақиятлар бизни янги марралар сари ундамоқда, — дейди қўшма корхона бош директори Шерзод Умаров. — Шу боис эндиликда экспорт салоҳиятини янада оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, ҳозирги кунда Вьетнам, Хитой, Италия, Польша, Германия, Бразилия сингари давлатлардаги компаниялар билан маҳсулот сотиш бўйича алоқа ўрнатганмиз. Уларнинг таклифига биноан, жорий йилда уй ва биноларни монтаж қилишга мўлжалланган 4 турдаги кабель маҳсулотлари тайёрлашга киришдик. Келгуси йилдан бошлаб эса электр двигатель, стартёр ҳамда махсус электр симлари ишлаб чиқаришни режалаштириб турибмиз. Натижада яна ўн кишини ишга жалб қиламиз.
Таъкидлаш керакки, яқинда мазкур саноат ҳудудида яна бир янги қувват — “Hayat power cable systems” қўшма корхонаси фаолият бошлади. 150 нафардан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаган ушбу хўжалик субъектига Финляндия, Франция, Хитой каби давлатлардан умумий қиймати 14,5 миллион долларлик замонавий технологик ускуналар келтириб ўрнатилди. Айни пайтда бу ерда йилига 10 минг километр ҳажмдаги полиэтилен қопламали, юқори кучланишга чидамли кабеллар тайёрлаш имконияти юзага келди.
Юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган бундай кенг имкониятлар хорижий ҳамкорларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлиб, уларни фаолиятини Ўзбекистон билан боғлашга руҳлантирмоқда. Натижада ўзаро ҳамкорлик янги-янги қувватларга асос солинаётгани мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, ҳудудлар саноат салоҳиятини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилаётир. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “ЎзМинда”, “Telecom Innovations”, “Navoiy Hunan Pulp” каби қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорларида ҳам ўз харидорларини топа олаётгани шундай дейишимизга тўла асос бўла олади.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.







Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn