Истиқболли лойиҳалар
  • 16 Декабрь 2014

Истиқболли лойиҳалар

энергетика соҳасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда

Бугунги кунда “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси тасарруфидаги корхоналар томонидан иқтисодиётимизга, шу жумладан, аҳолига электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш борасида муайян  ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги  “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ҳар йили қабул қилинаётган инвестиция дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, жалб қилинаётган сармоялар шамол, қуёш, гидроэнергетика, қуёш-иссиқлик электростанциялари сингари қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга йўналтирилаётгани, айниқса, диққатга сазовордир. Жумладан, 2020 йилгача шу йўсинда 19 та ГЭС модернизация қилиниб, такомиллаштирилади. Бунинг натижасида эса 600 миллион кВт қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 250 миллион куб метр табиий газ тежалишига имконият яратилади.
Энергетика соҳасининг равнақида хизмат кўрсатиш ва тўловларни қабул қилишда замонавий технологияларни жорий этиш ҳам муҳим ўрин тутади, албатта. Шу боис компания мутасаддилари хизмат кўрсатувчига ҳам, фойдаланувчига ҳам ҳар томонлама қулайлик яратаётган  электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизимини янада замонавийлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Ушбу саъй-ҳаракатлар, албатта, электр энергиясини узатишда барқарорликка эришиш, тизим фаолиятини мустаҳкамлаш ҳамда республикамизнинг бу борадаги экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Пойтахтимизда компания тизимида энергия захираларидан самарали фойдаланиш, тармоқда инвестициявий лойиҳаларни қўллаш ва тўлов амалиётларини такомиллаштириш мавзуидаги  матбуот анжуманида ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn