Қуёш панеллари
  • 13 Февраль 2014

Қуёш панеллари

қулайлиги, хавфсизлиги ва юксак самарадорлиги билан ажралиб туради

Дунёда углеводород захиралари тобора камайиб бораётган бугунги кунда энергиянинг қайта тикланувчи манбаларидан самарали фойдаланиш долзарб масалага айланмоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда кейинги йилларда бу йўналишда кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Президентимиз томонидан 2013 йилнинг 1 мартида имзоланган “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада дастуриламал бўлаётир.
Хусусан, мазкур ҳужжатга мувофиқ, Сурхондарё вилоятидаги кўплаб корхона, ташкилот ва муассасалар ҳам муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш имконига эга бўлишмоқда.
— Жамоамизда йигирма олти нафар ҳунарманд ишлайди, биномизга қуёш панели ҳамда иссиқлик радиатори ўрнатилган, — дейди Бойсун туманидаги “Ҳунармандлар маркази” раҳбари Ҳанифа опа Салимова. — Ушбу қурилмалар ёрдамида ҳосил қилинаётган қувватлар 30 га яқин хоналаримизни чароғон этиб турибди. Кашта ва мато ипларини бўяшда ишлатиладиган сув эса иссиқлик радиатори ёрдамида қайнатиб олинаяпти.
Маълумки, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, айниқса, тиббиёт муассасалари фаолиятида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши табиий. Чунки кўплаб замонавий ташхис ва муолажа ускуналари, дори-дармонлар сақланадиган махсус жавонлар айнан электр қуввати билан ишлашга мослаштирилган. Шу боис кейинги йилларда шифо масканларини қайта тикланувчи муқобил энергия манбалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мазкур жараён, энг аввало, чекка ва олис ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларидан бошланаётгани диққатга сазовордир.
— Ўтган икки йил давомида Денов туманидаги “Мустақиллик”, “Бодиҳаво”, Қумқўрғон туманидаги “Хўжамулки”, Қизириқ туманидаги “Кунчиқиш” ҳамда Узун туманидаги “Жончекка”, Сариосиё туманидаги “Дўстлик” қишлоқ врачлик пунктлари қуёш фотоэлектрик панеллари билан жиҳозланди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Зокир Мамараҳимов. — Масалан, Бойсун туманидаги “Чилонзор” ҚВПда аҳоли куннинг исталган пайтида ўз соғлиғини назоратдан ўтказиши мумкин. Нега деганда, қуёш панеллари саломатлик масканларидаги тиббий жиҳозлардан ҳам бемалол фойдаланиш имконини бермоқда. Шу боис, республикамиздаги шундай қурилмалар ишлаб чиқарилаётган корхоналарга буюртмалар бердик.
Таъкидлаш жоизки, мазкур илғор тажриба таълим муассасалари фаолиятида ҳам асқотмоқда. Жумладан, Шўрчи туманидаги 5-умумтаълим мактаби ҳомийлар кўмагида харид қилинган муқобил энергия қурилмаси билан жиҳозлангани натижасида барча синфхоналар ҳамиша ёруғ.
— Келгусида яна кўплаб қишлоқ мактабларига қуёш панеллари ўрнатишни режалаштирганмиз, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг қурилиш ва таъминот бўлими бошлиғи Ислом Сафаров. — Ушбу ниятимиз амалга ошса, фарзандларимиз мактаблардаги компьютерлардан самарали фойдаланиб, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини мунтазам ошириб боришади. Муҳими, бундай муқобил энергия манбалари экологик жиҳатдан безиёнлиги ва қулайлиги билан барчага манзур бўлмоқда.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn