Иқтисодиётимизнинг мустаҳкам таянчи
  • 13 Декабрь 2014

Иқтисодиётимизнинг мустаҳкам таянчи

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари яратилгани туфайли бу соҳа жадал суръатларда ривожланиб, иқтисодиётимизнинг таянч кучига айланди.

Қувонарлиси, унинг вакилларига кўпроқ эркинлик бериш, янада қулай тадбиркорлик муҳитини қарор топтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида шу ҳақда алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Бизнинг эътиборимиз марказида туриши керак бўлган энг муҳим масалалардан яна бири — бу Конституциямизга мувофиқ кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳалари бўлмиш хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни йўқ қилиш, уларнинг эркинлигини таъминлашдир”.  
Дарҳақиқат, кейинги йилларда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур рухсат бериш тартиб-таомилларининг рўйхати ва турлари изчил қисқартирилиб, солиқ ҳамда божхона имтиёзлари яратилмоқда. Натижада улар қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, мебель саноати, уй-жой сектори каби иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Соҳа вакилларининг ташаббускорлиги, изланувчанлиги эса ички бозорни янги турдаги маҳсулотлар билан тўлдириш, импорт ўрнини босувчи саноат моллари ишлаб чиқаришни муваффақиятли ўзлаштириш имконини бераяпти. Узоққа бормайлик, жорий йилнинг тўққиз ойида 525 турдаги янги маҳсулот тайёрлаш маҳаллийлаштирилиши ҳисобига импорт ўрнини босиш бўйича ҳисоблаб чиқилган самара 870 миллион АҚШ долларидан ошди. Негаки, эндиликда электр духовка, газ ва электр плиталар, кондиционерлар, электр двигатель ва насослар, розеткалар учун штепсель, пайвандлаш симлари, автомашиналар учун антифриз, спорт майдончалари учун сунъий қоплама, резинали ковролан, спорт анжомлари ва бошқа яна кўплаб турдаги маҳсулотларнинг импортига ҳожат қолмади.
Пойтахтимиздаги “Uztelmash” масъулияти чекланган жамияти жамоаси ҳам яратиб берилган қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, Маҳаллийлаштириш дастури ижросида фаол қатнашмоқда.
Гап шундаки, бу корхона асинхрон электр двигателлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Шу ўринда айтиш жоизки, иқтисодиётимизнинг нефть-газ, кимё, кон-металлургия, электр энергетика, қурилиш, енгил саноат каби соҳаларида кенг қўлланиладиган бундай мураккаб ускуналар илгари четдан олиб келинар эди.
— Корхонамиз 2009 йилда Маҳаллийлаштириш дастурига киритилиб, солиқ ва божхона имтиёзлари берилгани айни муддао бўлди, — дейди мазкур жамият раҳбари Бахтиёр Саломов. — Сабаби, бундан тежалган маблағларни ишлаб чиқаришни модернизациялаш, ушбу жараёнга янги технологияларни жалб этишга йўналтирдик. Пировардида асинхрон электр двигателлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, ҳатто бир неча турдаги бутловчи қисмларни ўзимизда тайёрлашга эришдик. Буларнинг бари маҳсулот таннархини сезиларли даражада пасайтириш имконини бергани диққатга сазовордир.
“Uztelmash” корхонаси 2003 йилда “Ташэлектромаш” заводи негизида ташкил этилган бўлиб, дастлаб бу ерда кам қувватли, яъни 5,5-11 кВтли электр двигателлари ишлаб чиқарилар эди. Ҳозирги кунга келиб эса,  маҳсулот тури юздан ошди. Уч фазали мазкур двигателларнинг қуввати ҳам ҳар хил — 0,04 кВтдан 315 кВтгача. Бу буюртмачилар сафи кенгайиши, ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошишида муҳим омил бўлаётир. Айтайлик, 2011 йилда 918 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлса, ушбу кўрсаткич 2013 йилда 1 миллиард 200 миллион сўмни, 2014 йилнинг тўққиз ойида эса 1 миллиард 50 миллион сўмни ташкил этди.
2010 йилда корхонага ISO 9001:2009 сифат менежменти тизими бўйича сертификат берилгани бу ерда ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг сифати юқори ва ишончли эканлигининг амалдаги яна бир тасдиғи бўлди, дейиш мумкин. Бундай натижага эришилишида юртимизда бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратилгани, маҳаллий корхоналар билан мустаҳкам кооперация алоқалари ўрнатилгани муҳим аҳамият касб этди, албатта.
— Бугунги кунда электр двигателлари учун зарур хом ашё ва бутловчи буюмларнинг 45 фоизи мамлакатимиз саноат корхоналари томонидан етказиб берилаяпти, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Ҳабибулло Ваҳобов. — Масалан, эмаль-проводни Олмалиқ кон-металлургия комбинатидан олсак, уловчи материалларни “Техноткани”, “УзДонгжу Пеинт Ко” ва “Apiteks” корхоналари етказиб беради. Лок-бўёқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжимиз “East-Color”, подшипникларга бўлган талабимиз “Sredazpodshipnik” корхоналари маҳсулотлари эвазига таъминланмоқда.
Корхона жонкуярлари мазкур натижалар билангина чекланиб қолишгани йўқ. Улар шу кунларда электр двигателлари ҳарорати назорати датчигини тайёрлашни маҳаллийлаштириш устида изланишлар олиб боришмоқда. Бундан ташқари, кранли, бир фазали, шунингдек, Европа стандартлари бўйича “IEC”, “DINEN”, “SINELES” электр двигателларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши арафасида турибди. Бу буюртмачиларнинг замонавий электр двигателларига бўлган эҳтиёжини маҳаллий маҳсулотлар эвазига қондириш имконини беради. Зеро, 2014 — 2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастуридан кўзланган мақсад ҳам юқори қўшимча қийматга эга саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи товар ва хизматлар билан тўлдиришдан иборатдир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn