Жадал ривожланиш мезони
  • 13 Февраль 2014

Жадал ривожланиш мезони

Инсон манфаатлари улуғланиб, унинг турмушини янада фаровон қилишга алоҳида эътибор берилган жойда ривожланиш бўлиши, шубҳасиз.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда кўплаб замонавий корхоналар ташкил этилаётгани, уларда тайёрланаётган маҳсулот ёки кўрсатилаётган хизматлар сифат жиҳатидан яхшиланиб бораётгани диққатга сазовордир. Жумладан, ўтган йили Андижон вилоятида ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ, 19 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши натижасида 656 та иш ўрни яратилди.
— Жалб этилган сармояларнинг 41,2 миллион АҚШ долларилиги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир, — дейди Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзодбек Абдужаминов. — Бунинг эвазига ишга туширилган корхоналарда 83,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди. Тайёр маҳсулотларнинг  9,4 миллион долларлиги эса хорижлик буюртмачиларга етказиб берилди.  Бу борада Андижон ва Хонобод шаҳарлари, Асака, Шаҳрихон ҳамда Андижон туманларида, айниқса, сезиларли самарадорликка эришилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки кейинги йилларда мазкур ҳудудларда енгил саноат, терини қайта ишлаш, пойабзал, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника воситалари ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани Хитой, АҚШ, Лихтенштейн ва Жанубий Корея давлатлари инвесторларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Андижон туманидаги “Ruber trust & Еva products” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси — шулардан бири. 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобидан ташкил этилган ушбу корхона энг замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган. Айни пайтда бу ерда меҳнат қилаётган ишчиларнинг барчаси тумандаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
— Қисқа давр ичида салкам 30 турдаги болалар ва катталар пойабзали ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик, —  дейди қўшма корхона раҳбари Эрназар Турғунов. — Ҳозирги кунда уларни ички бозордан ташқари, чет эллик харидорларга ҳам сотаяпмиз. Бу эса, ўз навбатида, ғайратимизга ғайрат қўшаяпти. Нега деганда, тадбиркорликда бир гап бор: қачонки, маҳсулотингга харидор нақд бўлса, ишингда барака бўлади. Янги марраларни забт этишга интиласан. Эътиборлиси шундаки, юртимизда ишбилармонлик муҳити тобора яхшиланиб, хорижлик тадбиркорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Энг муҳими, бизга зарур бўлган хом ашё ўзимизда мавжуд. Буларнинг бари пировардида фаолиятимизни кенгайтиришда айни муддао бўлаётир.
Дарҳақиқат, бугун Андижонда яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, тараққиёт йўлига чиқиб олаётган ишлаб чиқариш субъектлари талайгина. “Дельтатекс”, “Пиппласт”, “Техноинноватор”, “Эверест стройметалл фаворит” корхоналарини шулар сирасига киритиш мумкин. Жорий йилги ҳудудий инвестиция дастурига яна 30 дан ортиқ лойиҳа киритилганини инобатга олсак, уларнинг сафи бундан-да кенгайиши муқаррар.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Сифат бошқаруви тизимлари Қуёш панеллари »