Сифат бошқаруви тизимлари
  • 13 Февраль 2014

Сифат бошқаруви тизимлари

тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади

Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 июндаги “Республика корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Чунки мазкур ҳужжатда ишлаб чиқариш жараёнида замонавий бошқарув ва иш услубларини жорий этишга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб берилган. 
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Марказий Осиёда ҳудудий иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашиш” лойиҳаси билан биргаликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда замонавий ишлаб чиқариш бошқарув усулларини татбиқ қилиш ва ривожлантириш — Кайдзен/Тежамкор ишлаб чиқариш дастури” ана шу вазифалар ижросига йўналтирилган ишлардан биридир.
Кеча пойтахтимизда ушбу дастур доирасида бажарилаётган ишларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда палата ва жамият мутасаддилари, Ўзбекистон — Япония маркази мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот  воситалари вакиллари қатнашди.
Тежамкор ишлаб чиқариш концепцияси Япония Кайдзен менежмент тизимининг бир қисми бўлиб, у ишлаб чиқариш жараёнини, бизнес имкониятларини ва бошқарувни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Албатта, ҳар қандай жамоанинг муваффақияти бу ерда жорий этилган сифат ва бошқарув тизимларига бевосита боғлиқ. Мазкур дастур эса ишлаб чиқариш корхоналарида маҳсулот сифатини яхшилаш, таннархини пасайтириш, меҳнат самарадорлигини кўпайтириш орқали тадбиркорларнинг ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини топишига кўмаклашади.
Дастурда, шунингдек, кичик бизнес субъектларининг консалтинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш, ишбилармонларни тежамкор ишлаб чиқариш тамойилларидан хабардор қилиш каби йўналишлар ҳам қамраб олинган. Шундан келиб чиқиб, ўтган йили мутахассислар республикамизда фаолият юритаётган юзга яқин корхоналарда семинарлар ўтказган бўлсалар, “Deutsche Kabel AG Tashkent”, “Nika Pharm”, “Decorimex”, “Keng Makon” сингари 13 та корхонада дастурнинг ўзи ҳаётга татбиқ қилинди. Бу йил эса улар сафига, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган яна тўртта корхона қўшилади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn