Илғор технология ва қулай муҳит
  • 04 Декабрь 2014

Илғор технология ва қулай муҳит

сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда алоҳида аҳамиятга эга

Қулай ишбилармонлик муҳити яхшиланаётгани, айниқса, тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани туфайли жойларда кўплаб янги саноат корхоналари ташкил этилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш баробарида, харидорларга сифатли маҳсулотлар етказиб бериш имконини ҳам яратаяпти.
Биргина Самарқанд вилоятида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 1476 та кичик бизнес субъекти фойдаланишга топширилиб, соҳа вакилларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 83,4 фоизга етгани ана шундан далолат беради.
Янги ишлаб чиқариш субъектлари ҳақида гап кетганда, Булунғур туманидаги “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтиш ўринлидир. Негаки, мазкур корхона қисқа фурсат ичида нафақат ички бозорда ўз ўрнини топди, балки чет эллик буюртмачилар эътиборига ҳам тушди.
— Бунда корхонамизнинг ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган махсус дастурга киритилгани айни муддао бўлди, — дейди жамият раҳбари Орзу Аминов. — Чунки ушбу дастурга асосан, банкдан 4 миллион АҚШ долларидан зиёд кредит олиб, Хитой, Германия, Буюк Британия, Италия сингари давлатлардан замонавий асбоб-ускуналар харид қилдик. Шу тариқа йилига ўртача 1800 тонна калава ип, 2 миллион 200 минг квадрат метр резинали ковролан, 2 миллион квадрат метр синтетик чим ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонага асос солинди. 
Айни пайтда корхонамизда 318 киши меҳнат қилаётган бўлса, улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг 80 фоизи ички бозорда сотилаяпти, қолгани эса экспорт қилинмоқда. Айниқса, кичик стадион ва бошқа спорт майдончаларини барпо этиш учун асосий ашё ҳисобланувчи синтетик чимга талаб жуда юқори. Сабаби, бундай маҳсулот илгари четдан олиб келинарди. Шу маънода, биз вилоятимизда биринчилардан бўлиб уни ишлаб чиқаришни ўзлаштирганимиз катта самара бераяпти.
Таъкидлаш жоизки, жамиятда ишчи-ходимларнинг меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароит мавжуд. Бу эса жамоани янги марралар сари ундаяпти.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn