Ўзбекистон «EIMA — 2014» халқаро кўргазмасида
  • 03 Декабрь 2014

Ўзбекистон «EIMA — 2014» халқаро кўргазмасида

Яқинда Италиянинг Болонья шаҳрида “EIMA — 2014” Қишлоқ хўжалиги ускуналари ва техникалари халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу йирик ҳамда нуфузли халқаро анжуман доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти тақдим этилди.

Тақдимот маросими иштирокчилари орасида “CNH Industrial”, “Emak”, “Zachmi Food and Beverages Plants”, “PirofinSrl”, “InterTrade”, “Banca popolare dell‘Emilia Romagna” (Gruppo BPER) сингари Италия ва бошқа мамлакатлар компаниялари вакиллари ҳам бор эди.
Италиядан 1192 та, дунёнинг бошқа давлатларидан эса 558 та қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчилари қатнашган “EIMA — 2014” халқаро кўргазмаси иши билан 235 минг нафардан зиёд киши танишди.
Тадбирда мамлакатимизнинг ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида қўлга киритган натижалари билан бир қаторда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар тўғрисида ҳам атрофлича фикр юритилди. Қайд этилганидек, Ўзбекистонда ички бозорга мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмининг ошиб бориши баробарида, уларни яқин ва узоқ хориж мамлакатларига экспорт қилиш кўлами ҳам кенгайтирилмоқда.
Бундан ташқари, анжуманда юртимизда шаклланган кўп асрлик сабзавотчилик ва боғдорчилик маданиятига ҳам эътибор қаратилди. У азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик принципларига асослангани ҳамда генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан жуда мазали таъмга ва истеъмол хусусиятларига эга экологик тоза мева-сабзавотлар етиштириш имконини бериши алоҳида қайд этилди. Мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева-сабзавот етиштирилаётгани, аҳоли жон бошига қарийб 300 килограммдан сабзавот, 75 килограммдан картошка ҳамда 44 килограммдан узум тўғри келаётгани ва бу мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўп эканлиги билан боғлиқ далиллар ҳам тақдимот иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.
Шунингдек, халқаро кўргазма доирасида “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарида яратилган шарт-шароитлар ҳамда имкониятларга бағишланган тақдимот ҳам бўлиб ўтди.

«Жаҳон» АА.
Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn