Корхона ташқи бозорга чиқди
  • 03 Декабрь 2014

Корхона ташқи бозорга чиқди

Наманган шаҳридаги “Текстиль либос” масъулияти чекланган жамияти яқин вақтга қадар фақат ички бозор учун ишлаб келаётганди. Корхонада амалга оширилган модернизациялаш тадбирларидан сўнг бу ерда тайёрланаётган костюм-шимлар экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

Техник ва технологик янгиланишлар учун 300 миллион сўм миқдорида сармоя сарфланди. Пировардида технологик жараёнлар янада такомиллашиб, маҳсулот тайёрлашда сифат ўзгаришларига эришилди. Масалан, тикувчилар битказган костюм-шимни сотувга тайёрлаш учун уни яхшилаб дазмоллаш талаб этилади. Илгари қўл меҳнати ёрдамида амалга оширилган мазкур вазифа айни пайтда тўлиқ замонавий пресслаш дастгоҳи зиммасига юклатилган. Илғор технологик воситаларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши, ўз навбатида, меҳнат унумдорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Буни маҳсулот тайёрлаш ҳажми 20 фоиз ортганида кўриш мумкин.
— Айни пайтда либосларимизга ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бормоқда, — дейди корхона иш бошқарувчиси Анваржон Муҳиддинов. — Шундан келиб чиқиб, жорий йил бошидан буён ички бозорда 150 миллион сўмлик маҳсулот сотган бўлсак, 172 минг АҚШ долларилик бежирим кийим-кечакларни эса экспорт қилдик.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn