Юксалишнинг икки омили
  • 13 Февраль 2014

Юксалишнинг икки омили

Ховос туманидаги “Буғдой дон РИА” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган макарон маҳсулотлари савдо пештахталаридаги турдошларидан қарийб икки баробар арзон.

Бунинг омили хом ашё сифатида “Ховосдон” очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган ундан фойдаланилаётганидир. Шунингдек, корхонада тежамкор технология жорий этилгани тайёр маҳсулотга кетадиган харажатнинг сезиларли даражада камайишини таъминламоқда.
Кунлик ишлаб чиқариш қуввати бир тоннагача бўлган мазкур корхонада шу кунгача уч турдаги макарон тайёрлаш ўзлаштирилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ўз номига муносиб
Бухоро шаҳрилик тадбиркор Лайло Равшанова ташаббуси билан ташкил этилган “Севинч текс сервис” масъулияти чекланган жамиятида йилига 200 минг погон метр бўз тайёрлаш қувватига эга технологик линия ишга туширилди.
— Корхонамизга ном танлаш чоғида “Севинч” сўзи устида тўхталгандик, — дейди тадбиркор. — Бу билан ишчиларимиз қалбига қувонч, уйларига эса қут-барака кирсин, деган ниятни кўнгилга туккан эдик. Қаранг, “Яхши ният — ярим давлат” деганларича бор экан. Қисқа муддат ичида енгил саноат бозорида  ўз ўрнимизга эга бўлдик. Яқинда эса  топган даромадимизга банк томонидан берилган 103 миллион сўмлик кредитни қўшиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Энди даромадимиз янада кўпаяди. Бундан жамоамиз аъзолари ҳам хурсанд.
Эътиборли жиҳати, ўтган йили вилоят тижорат банклари томонидан “Севинч текс сервис” каби кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш учун жами 314,9 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Брикет тайёрлаш йўлга қўйилди
“Кегейли Агротехсервис машина-трактор парки” масъулияти чекланган жамияти қошида ўсимлик қолдиқларидан брикет тайёрлаш йўлга қўйилди.
— Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳаси асосида ўзлаштирилган ушбу технология учун 50 минг АҚШ долларилик сармоя сарфладик, — дейди корхона мутасаддиси Муродбой Ниёзов. — Натижада хориждан келтирилган ускуналар ёрдамида соатига 350 килограммгача ўсимлик қолдиқлари майдаланиб, прессланган брикет, яъни ёқилғи тайёрлаш имконияти юзага келди. Бу билан кўча-кўйда ёқиб юбориладиган шох-шабба, хазонлар, далада қолиб кетадиган ғўзапоянинг беҳуда исроф бўлишига барҳам берилди.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур маҳсулот иссиқхоналарни иситишда ҳам қўл келади.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Хориждан таклиф
Урганч шаҳридаги “Амирбек бетон сервис” шўъба корхонасига  ҳамкорлик қилиш мақсадида хориждан мутахассислар келишди.
Гап шундаки, бу ерда 690 минг АҚШ доллари миқдоридаги банк кредити эвазига янги технология билан жиҳозланган металл қуйиш цехи ҳамда бир вақтнинг ўзида 7 тонна темирни эритадиган 4 та печ ишга туширилди. Шунингдек, 1 миллиард 420 миллион сўм эвазига ишлаб чиқаришни электр энергияси ва газ билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилди.
Айтиш жоизки, бундан икки йил олдин корхонада 40 нафар ишчи-мутахассис билан етти турдаги темир-бетон конструкциялар тайёрлана бошланганди. Янги қувват фойдаланишга топширилгач, жамоага яна 70 киши қўшилди. Бинобарин, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда сув қувурлари учун эҳтиёт қисмлар, арматура, канализация люклари, алебастр ва цемент заводлари учун темир шарлар каби 6 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Муҳими, бу орқали маҳсулотлар таннархи 12 фоиз арзонлашадиган бўлди. Агар корхона келгусида вилоятда тўпланадиган металл хом ашёси билан таъминланса, таннарх 35 фоизгача пасаяди.
Тез кунларда бу ерда қиймати 55 минг АҚШ долларилик, суюқ бетон тайёрлашга мўлжалланган янги технологик линияни фойдаланишга топшириш ва яна 17 кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Кичик корхона ташаббуси
Бухоро шаҳрида  фаолият кўрсатаётган  “Бухоро Шер Пласт сервис” масъулияти чекланган жамияти хориждан 378 миллион сўмлик замонавий ускуна харид қилди.
Бу эса корхонада йилига 300 минг погон метр пластик профиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берди. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишида молия муассасаси томонидан ажратилган 290 миллион сўмлик кредит қўл келди.
Қувонарлиси, 2013 йилда вилоятда “Бухоро Шер Пласт сервис” каби 1540 дан зиёд кичик бизнес субъектлари иш бошлагач, тизимдаги корхоналар сони 8724 тага етди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Илғор технология шарофати
Касби туманидаги “Ихлос ҳалол пишлоқ” хусусий корхонасида сутни қайта ишлаш жараёнида ажралиб чиқадиган зардобдан пишлоқ тайёрланаяпти.
Табиийки, айни пайтга қадар бу хом ашё чиқинди сифатида ташлаб юборилар эди. Эътиборлиси, цехда илғор технологиянинг қўлланилиши ҳисобига қўшимча маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди.  
— Сутни ҳудудимиздаги фермер хўжаликларидан қабул қилиб олаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Сайдулла Абдуманов. — Маҳсулотларимизга талаб ортиб бораётганини ҳисобга олиб, келгусида уларнинг турини янада кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чораларини кўраяпмиз.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn