Бельгияда тақдимот
  • 28 Ноябрь 2014

Бельгияда тақдимот

Бельгиянинг Мехелен шаҳар Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Мазкур тадбир мамлакатимизнинг Брюсселдаги дипломатия ваколатхонаси томонидан ташкил қилинди.

Антверпен провинциясида жойлашган Мехелен Европадаги йирик юк ташиш бандаргоҳи ҳисобланади. Антверпен минтақада иқтисодий жиҳатдан жадал ўсиб бораётган провинциялардан бири сифатида ажралиб туришининг сабаби кўпгина трансмиллий ва халқаро компаниялар ушбу ҳудудда ўз базаларига эга эканлиги билан изоҳланади. Бу омил провинциянинг иқтисодий фаоллигини оширишга кўмаклашмоқда. 
Мехелен Савдо-саноат палатаси бугунги кунда ўз атрофида бирлаштириб турган 1250 та корхонанинг 95 фоизини кичик ва ўрта бизнес субъектлари ташкил этади. Ушбу палата аъзолари бўлган корхоналарнинг аксарияти кимё ва дори-дармон, қишлоқ хўжалиги, биотехнология маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, шунингдек, логистика ҳамда транспорт хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилган.
Тақдимот иштирокчилари — Савдо-саноат палатаси таркибига кирадиган қатор компаниялар вакиллари Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва мамлакатимизнинг қулай сармоявий муҳити ҳақидаги маълумотлар билан батафсил танишдилар. Шу ўринда республикамизда ташкил этилган махсус индустриал зоналар ва уларда истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун яратилган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.  
Шунингдек, мазкур маросим доирасида Ўзбекистоннинг 2014 йил 9 ойи мобайнидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари, иқтисодиёт тармоқларини диверсификациялаш, миллий қонунчиликдаги хорижий сармоялар жалб этилишини рағбатлантиришга йўналтирилган ўзгаришлар ҳақида батафсил фикр юритилди.
Бундан ташқари, тақдимот қатнашчилари Ўзбекистонда чет эллик сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг таъминланиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан ҳам атрофлича таништирилди.
Тақдимот чоғида компаниялар фаолиятининг асосий йўналишлари ва иқтисодиётимиздаги устувор жабҳаларни ривожлантиришдан келиб чиққан ҳолда, экспортга мўлжалланган юқори қўшимча қийматли кенг қамровдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кўзда тутадиган ўзаро ҳамкорликдан республикамизнинг манфаатдор эканлиги таъкидланди. Мамлакатимизда Бельгия компаниялари иштирок этиши мумкин бўлган истиқболли сармоявий лойиҳаларнинг рўйхати Мехелен Савдо-саноат палатасига аъзо бўлган компаниялар эътиборига ҳавола қилинди.  
Тадбирда Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий ривожланиши ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.
Айтиш жоизки, Бельгия компанияларида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қизиқишнинг нақадар катта эканлигини ушбу мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билдирган фикр-мулоҳазалар ҳам яққол тасдиқлайди.
Тақдимотда сўзга чиққан Палата Бош директори Фредерик Ахтеннинг таъкидлашича, бу қизиқишнинг сабаби, биринчи навбатда, республика ривожланишининг изчил суръатлари, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик билан изоҳланади.
— Барчамизга аёнки, Марказий Осиёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Ўзбекистон кейинги йиллар мобайнида халқаро майдонда ўз ўрнини янада мустаҳкамлади ва дунёда кўп бўлмаган, бугунги кунда шитоб билан ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатлардан бирига айланди, — деди у. — Республикада мустақиллик йиллари давомида қулай ишбилармонлик муҳитини ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолатларни шакллантириш юзасидан изчил ва кенг қамровли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Шуниси ҳам қувонарлики, кейинги йиллар мобайнида миллий даромадда кичик бизнес улуши тобора ошиб бормоқда. 2000 йили ялпи ички маҳсулотда ушбу тармоқнинг улуши 31 фоиз бўлган бўлса, 2013 йилга келиб бу 55,8 фоизни ташкил этди.   
Бельгиянинг “Intraco” ва “Maxx Intermodal Systems” компаниялари вакиллари бугунги кунда Ўзбекистонда бизнес ҳамкорлигини кенгайтириш учун жуда қулай шароит мавжуд эканлигини қайд этдилар. Улар ҳамкорликнинг ижобий тажрибаси ҳақида тўхталиб, ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш учун тайёр эканликларини маълум қилишди.
Хусусан, “Intraco” компаниясининг экспорт бўйича менежери Йохан де Бакер ўзбекистонлик шериклар билан узоқ муддатли шартнома имзолангани ҳақида тўхталар экан, ўз компанияси умумий қиймати 1,5 миллион еврога тенг бўлган Бельгия жиҳоз-ускуналари ва технологияларини етказиб бериш бўйича лойиҳани шу йилнинг ўзида амалга оширишни режалаштираётганини билдирди.
— Биз Ўзбекистонда уй ҳайвонлари ва паррандалар учун маҳаллий хом ашёдан мультивитаминлар ҳамда аралаш озуқалар ишлаб чиқарадиган қўшма корхона очиш ниятидамиз, — деди у. — Яқинда Бельгия делегациясининг таркибида Нидерландияда бўлиб ўтган “VIV Europe 2014” Паррандачилик ва инновация технологиялари халқаро кўргазмасидаги иштирокимиз чоғида Ўзбекистондаги “Golden Wing” компанияси билан бир неча хил омихта ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш юзасидан келишувга эришдик.
“Maxx Intermodal Systems” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Вил Фермон ҳам Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини ижобий баҳолади.
— Мамлакатда тараққиётнинг эътиборга молик бўлган барқарор ўсиш суръатлари “Maxx Intermodal Systems” фаолиятининг жадаллашувига ҳам хизмат қилишига шубҳа йўқ, — деди компания вакили. — Контейнер юк ташишларини ташкил этишга ихтисослаштирилган компаниямиз йигирма йилдан зиёд давр мобайнида Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу ўринда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча тармоқларини диверсификациялашда катта истиқболлар мавжуд эканлигини ва булар бельгиялик ишбилармонларни қизиқтиришини қайд этишни истар эдим. Иқтисодий ислоҳотлар борасида эришилган марра ва ўзгаришлар Ўзбекистоннинг хорижлик сармоядорлар учун жозибадорлигидаги асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда, деб ўйлайман.
“Global Fashion Management” компанияси бош директори Р. Дени мамлакатимиздаги қулай сармоявий муҳит, шунингдек, бой хом ашё ва малакали кадрлар Бельгия технологияларининг Ўзбекистонга жалб этилишида ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади.
— Бизнинг компаниямиз жаҳон бозорида харидоргир тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга ва мамлакатнинг тўқимачилик корхоналари билан узоқ муддатли шериклик муносабатларини йўлга қўйишга катта қизиқиш билан қарайди, — деди у. — Ўзаро ҳамкорлик ривожи учун катта истиқболлар борлиги боис мен яқин вақт ичида Ўзбекистонга боришни, ўзбекистонлик касбдошларим билан алоқалар ўрнатишни режалаштираяпман.  
“Thales” компанияси директори Б. Офферман Ўзбекистондаги қулай инвестициявий иқлим ҳамда сармоядорларга бериладиган имтиёзлар Бельгия компанияларини мамлакат иқтисодиётига жалб этишда муҳим омил ҳисобланишини алоҳида таъкидлади. 
— Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти, чет эллик сармоядорларга бериладиган афзалликлар ҳамда уларга яратилган қулай солиқ шароитлари  ҳақида бугун тақдим этилган маълумотлар менда катта қизиқиш уйғотди, — деди у. — Шу боис биз ҳам ўзбекистонлик шериклар билан автомобилсозлик ва автомобилларга эҳтиёт қисмлар етказиб бериш юзасидан ўзаро  ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама этишга тайёр эканлигимизни маълум қилишни истар эдим.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn