Замонавий технологиялар — самарадорлик омили
  • 28 Ноябрь 2014

Замонавий технологиялар — самарадорлик омили

Бугунги глобаллашув жараёни жаҳон бозоридаги рақобатни янада кучайтирмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бундай шароитда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, бозорда мустаҳкам ўринни сақлаб қолиш кўп жиҳатдан ишлаб чиқаришда замонавий технологиялар ва инновацияларни оқилона қўллашга боғлиқ.

Бу, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати учун ўта муҳимдир.
Шу боис мамлакатимизда иқтисодиётнинг ушбу етакчи соҳалари модернизация қилиниб, илм-фан ва техника ютуқлари изчил татбиқ этилаяпти. Истиқлол йилларида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин кўпайиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ошиб бораётгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Тошкент шаҳрида давом этаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларининг “UzAgroExpo — 2014” ҳамда “UzProdExрo — 2014” ўнинчи халқаро кўргазмалари айни шу масалага бағишлангани соҳа вакилларининг қизиқишини оширди. Мазкур тадбирларда хорижнинг жаҳонга машҳур компания ва фирмалари, юртимизнинг илғор  тадбиркор ҳамда фермерлари иштирок этаётгани бунга асос бўла олади.
— Дунёнинг кўпгина давлатларида турли сабабларга кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш суръатининг пасайиш тенденцияси кузатилаётган бир пайтда Ўзбекистонда иккала соҳа ҳам барқарор ривожланаётгани эътиборга молик, — дейди Голландиядаги “Geerlofs” компаниясининг экспорт масалалари бўйича менежери Питер Ян Роббемонт. — Айниқса, серқуёш юртингизда етиштирилган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари ширин мазаси, витаминларга бойлиги билан бутун дунёда алоҳида қадрланади. Биз халқаро тадбир асносида боғ ва дала неъматларини сифатли сақлашга мўлжалланган замонавий омборлар қуриб, “калити билан” топширишни таклиф қилаяпмизки, бу ўзбек  фермер ва тадбиркорларига маъқул келмоқда. Бунинг учун зарур бўладиган совитиш ва музлатиш ускуналари, техника ҳамда технологияларининг барчаси компаниямизда ишлаб чиқарилади.
Кўргазмаларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, уларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатининг барча йўналиши қамраб олинган бўлиб, соҳа тараққиётига хизмат қиладиган замонавий техника ҳамда технологиялар, тежамкор ускуна ва дастгоҳлар кенг намойиш қилинмоқда.
Бу республикамизда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларининг техника паркини янгилаш, уларни кўп тармоқли субъектларга айлантириш учун замонавий технологияларни жалб этиш, озиқ-овқат саноати корхоналарида эса модернизациялаш лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай фурсатдир. Шу  боис кўргазманинг ҳар бир куни қишлоқ хўжалиги ходимлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари билан гавжум. Улар ўзлари қидирган жиҳозларни саралаб, энг мақбулини харид қилишлари учун кўргазма залларида барча шарт-шароит муҳайё этилган. Бу тадбирнинг кутилганидан кўра самарали ўтишидан далолатдир.
Кўргазмалар кундалигидан тежамкор технологиялар, инновация ишланмаларининг тақдимотлари, хорижнинг илғор тажрибалари билан танишиш каби тадбирлар ҳам ўрин олган. Буларнинг барчаси юртимиз ишбилармонлари ва фермерларининг чет эллик ишлаб чиқарувчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишига хизмат қилади, албатта.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қишда ҳам ҳосил олинади Бельгияда тақдимот »