Қишда ҳам ҳосил олинади
  • 28 Ноябрь 2014

Қишда ҳам ҳосил олинади

Мирзаобод туманидаги “Мирзаобод универсал трайд” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхонада ўстирилаётган лимон дарахтлари паст бўйли эканлиги билан бошқаларидан фарқ қилади.

Аммо у нисбатан қисқа даврда мевага киради. Муҳими, цитрус ўсимликлар оиласига мансуб ушбу зироат турининг ҳосилдорлиги анча юқори. Бинобарин, унинг ҳар тупидан 50 килограммдан ортиқ мева олиш мумкин. Қолаверса, лимон дарахтлари шаклан ихчамлиги боис соҳибкорларга экин майдонини тежаш имкониятини яратади.
Ҳадемай, иссиқхонанинг бир қисмига киви кўчатлари ҳам ўтқазилади. Унинг ниҳоллари махсус тувакларга жойланган ҳолда хориждан келтирилиши мўлжалланмоқда.
— Иссиқхонамизнинг умумий майдони 4 гектардан иборат, — дейди жамият раҳбари Зуҳриддин Турсунов. — Унда цитрус мевалар билан бирга, помидор ва бодринг ҳам етиштираяпмиз. Шу кунларда маҳаллий бозорларга сархил бодринг етказиб бераяпмиз.
Айтиш лозимки, лойиҳа қиймати 4 миллиард 600 миллион сўмлик бўлган мазкур иссиқхонанинг барпо қилиниши туфайли ҳудудда кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Айни пайтда иссиқхона ёнида чорвачилик ва паррандачилик йўналишларидаги хўжаликлар ҳам ташкил этилмоқда. Мазкур лойиҳалар рўёбга чиқарилгач, бу ерда меҳнат қилаётганлар сони 180 нафарга етади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn