Инвестициявий жозибадорлик
  • 27 Ноябрь 2014

Инвестициявий жозибадорлик

тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир

Иқтисодий барқарорлик, аввало, хорижий инвесторлар учун муҳим аҳамиятга эга. Яъни қайси давлатда сармоядорларга қулай инвестиция муҳити яратилган бўлса, ўша жойга интилиш кучаяди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ана шундай мамлакатлар сирасига кирадики, юртимизга чет эллик инвесторларнинг қизиқиши тобора ортаётганининг боиси шунда. Айниқса, республикамизда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг ташкил этилгани бу борадаги ишларни жадаллаштиришда айни муддао бўлаётир. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида саноат тармоқларини, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизациялаш тадбирлари доирасида ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 22,3 фоиз ўсгани бунинг яққол тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Марказий банк, Давлат божхона ва Солиқ қўмиталари мутасаддилари, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар вакиллари билан ўтказилган анжуманда шу ҳақда сўз юритилди.
Мамлакатимизда хорижий сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний механизмларини такомиллаштириш, уларга эркин фаолият юритишлари учун имтиёз ва преференциялар бериш, умуман, қулай инвестиция муҳитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда қабул қилинган бир қатор қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этаяпти. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунида хорижий сармояларни жалб этиш шакллари, инвесторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайд этилган бўлса, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонунда эса уларни ҳимоя қилиш ва жавобгарлик масалаларини тартибга солиш тамойиллари белгилаб қўйилган.
Очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган тадбирда назорат қилувчи органлар томонидан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда текширишларнинг қонунийлигини таъминлаш, уларда ўтказилаётган мониторинг натижалари, хўжалик судларига даъво аризалар киритишда янгича тартиблар, хорижий корхоналарни рўйхатдан ўтказиш бўйича маълумотлар ҳам берилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn