Мамлакатимиз экосайёҳлиги италияликларни ҳам жалб этмоқда
  • 26 Ноябрь 2014

Мамлакатимиз экосайёҳлиги италияликларни ҳам жалб этмоқда

Италиянинг Анцио шаҳрида мамлакат Атроф-муҳитни асраш ва муҳофаза қилиш вазирлиги, Италия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Лацио минтақаси ҳамда Анцио шаҳар муниципалитети кўмагида “AQ International” компанияси томонидан ташкил этилган “Luci nel Blu (“Зангори ёруғлик”) — 2014” экологик лойиҳаси доирасида “Италия — Ўзбекистон: сайёҳлик соҳасида ҳамкорликнинг истиқболлари” мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ҳузуридаги Сайёҳлик операторлари ассоциацияси ҳамда Ўзбекистоннинг Римдаги дипломатия ваколатхонаси мамлакатимиз томонидан ушбу тадбирнинг ташкилотчилари бўлишди.
Давра суҳбатида Анцио шаҳар маъмурияти, сайёҳлик компаниялари, маҳаллий жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбир иштирокчилари юртимизда сайёҳлик тараққиёти, хусусан, кейинги пайтларда ҳордиқ чиқаришнинг тобора оммалашиб бораётган тури — экосайёҳликнинг ривожланишига доир маълумотлар билан яқиндан танишдилар.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Анцио шаҳри мэри Л. Брускини Италия мамлакатимиздаги сайёҳлик соҳасига ихтисослаштирилган таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилар экан, давлатларимиз ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш таклифини билдирди. У, шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ўзида катта таассурот қолдирганини маълум қилди. Анцио шаҳар маъмурияти раҳбарининг фикрича, мазкур нуфузли анжуман айнан Ўзбекистонда ўтказилгани юртимиз жаҳон сайёҳлик ривожига қўшаётган улкан ҳиссасининг ўзига хос эътирофидир.
Ўз навбатида, “AQ International” компанияси директори — “Luci nel Blu” (“Зангори ёруғлик”) — 2014” экологик лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси С. Каччола Италия сайёҳлик индустриясида Марказий Осиё ганжинаси — Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан катта қизиқиш мавжудлигини таъкидлади. У, шунингдек, мамлакатимизда замонавий меҳмонхоналар қурилаётгани ва тақдим этилаётган сайёҳлик хизматлари сифати тобора ошаётганини қайд этиб, республикамизда сайёҳлик тармоғининг изчил ривожланиб бораётганидан мамнунлигини алоҳида айтиб ўтди.

«Жаҳон» АА.
Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn