Маҳаллийлаштириш дастури: Истиқболли лойиҳалар, янги имкониятлар
  • 25 Ноябрь 2014

Маҳаллийлаштириш дастури: Истиқболли лойиҳалар, янги имкониятлар

Мамлакатимизда саноат тармоқларининг жадал ривожи импорт ўрнини босувчи маҳсулот турлари кўпайиши ва юртимиз экспорт салоҳияти юксалишига хизмат қилмоқда.

Пировардида илгари, асосан, валюта ҳисобига четдан келтирилган товарларнинг аксариятини эндиликда ўзимизда тайёрлаш ўзлаштирилиб, нарх-навони мақбуллаштириш ҳамда сарф-харажатларни камайтиришга эришилаётир. Бунда юқори сифат ва рақобатбардошлик муваффақиятларнинг мустаҳкам асоси бўлмоқда.
Қибрайлик ёш тадбиркор Бобуржон Зокиров бошқараётган “Gold-note” масъулияти чекланган жамиятида 20 турдан зиёд ўқув-услубий анжомлар ишлаб чиқарилади. Улар орасида маҳаллий хом ашё асосида тайёрланаётган глобусларга, айниқса, қизиқиш катта. Бундан руҳланган жамоа такомиллаштирилган янги моделлар яратиш устида ишламоқда. Асосий мақсад — маҳсулотнинг бир қисмини ташқи бозорларга ҳам йўналтириш. Тадбиркорнинг таъкидлашича, таълим муассасаларидаги дарс машғулотларида кенг фойдаланиладиган бундай глобуслар ҳозир саноқли мамлакатлардагина ишлаб чиқарилаяпти.
— Жорий йилнинг ўтган даврида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳудудий корхоналаримиз томонидан белгиланганидан анча кўп — 53,9 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди, — дейди Тошкент вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Носиров. — Бунга эришишда дастур доирасида саноат тармоқларига кенг кўламда имтиёз ва преференциялар қўлланилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Натижада илгари четдан келтирилган иссиқлик қозонлари, турли насос агрегатлари, трансформаторлар, совуқ ва иссиқ сув учун полипропилен фитинглар, кабеллар, пластик панеллар, дори-дармон воситалари, кир ювиш кукунлари, болалар ўйинчоқлари ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларига доир истеъмол молларини тайёрлаш ўзлаштирилди.
Имтиёз ва имкониятлар туфайли ўз фаолиятини муттасил кенгайтириб бораётган тадбиркорлик тузилмаларидан бири Олмалиқ шаҳридаги “Зартола текстиль” масъулияти чекланган жамиятидир. Айни пайтда бу ерда полипропилендан калава ип тайёрланмоқда.
— Ишлаб чиқаришда кенг қўлланиладиган бундай синтетик толали ашёларга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб катта, — дейди жамият раҳбари Ж. Шарипов. — Шу сабабли қисқа фурсатда 800 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрлаб, бир қисмини экспорт қилишга ҳам улгурдик. Чунки улар сифат борасида хориждан келтириладиган шу турдаги ашёлардан ўтса ўтадики, асло қолишмайди.
Айни кунда “Зартола текстиль”да гилам тўқиш ва пардозлаш технологияси ўзлаштирилмоқда. Бу лойиҳа якунига етгач, ёшлар учун яна 20 га яқин иш ўрни очилади.
Зангиота туманидаги “Дентафил плюс” хусусий корхонаси фаолияти йўлга қўйилганида бу ерда, нари борса, тўрт-беш турдаги дори воситалари тайёрланар эди. Бугун эса 100 нафардан зиёд киши меҳнат қилаётган жамоада йигирма турдаги дори воситаларининг 110 хили ишлаб чиқарилаётир. Ҳатто уларнинг баъзилари чет эллик буюртмачиларга ҳам етказиб берилмоқда.
Ўтган қисқа вақт ичида корхонада ҳаётга изчил татбиқ этиб келинаётган йирик сармоявий дастурлар, хусусан, маҳаллийлаштириш лойиҳалари ҳам ички, ҳам ташқи бозордаги муваффақиятларнинг асосий омили бўлди. Ҳозир бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнларида Швейцария, Хитой ва Германиядан келтирилган энг илғор технологик линиялар имкониятидан кенг фойдаланилмоқда.
— Бултур экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи 17 турдаги янги дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик, — дейди корхона раҳбари С. Исонбоев. — Жорий йилда эса Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 20 миллион АҚШ долларилик яна иккита йирик лойиҳа рўёбга чиқарилди. Энг муҳими, янги ўзлаштирилган дори воситаларимизга GMP халқаро сифат сертификати берилди. Бу эса маҳсулотларимиз эндиликда  дунёнинг исталган нуқтасига экспорт қилиниши мумкин, деганидир.    
Умуман, вилоятда Маҳаллийлаштириш дастури шарофати билан ўз имкониятларини муттасил кенгайтириб бораётган корхоналар рўйхати анча узун. Улар қаторида Юқори Чирчиқ туманидаги “Ихтиёр қурилиш файз”, Зангиота туманидаги “Hi-tech kabel”, “Мак пласт бизнес” масъулияти чекланган жамиятларини ҳам тилга олиш мумкин. Шунингдек, айни пайтда Юқори Чирчиқ туманидаги “Бест-пласт” корхонасида бўялган ва гулқоғозли пластик панеллар, Чирчиқ шаҳридаги “Elstan”, “Оber star plast” масъулияти чекланган жамиятларида электр трансформаторлари ҳамда озиқ-овқат саноати контейнерларини ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Бундан ташқари, жойлардан саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир яна 30 га яқин лойиҳа ва таклифлар дастурга қўшимча тарзда амалиётга жорий қилинмоқда.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn