Хорижий ҳамкорлар кўпаймоқда
  • 25 Ноябрь 2014

Хорижий ҳамкорлар кўпаймоқда

Юртимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг чет эл бозорларида рақобатбардошлигини аниқлаш, маркетинг ишларини олиб бориш, уларга экспорт амалиётида ташкилий, юридик ҳамда молиявий кўмак бериш Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, унинг зиммасига тадбиркорларнинг чет эл тендер савдолари ва ярмаркаларидаги иштирокини таъминлаш, маҳсулотлари рекламасини ташкиллаштириш ҳам юклатилган.
Айтиш керакки, бу борада бизнинг филиалимиз томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида бир қанча маҳаллий корхоналарга хорижий ҳамкорлар топишида яқиндан кўмак берилиб, уларнинг чет элларда уюштирилаётган ярмаркаларда иштирок этишлари таъминланди. Бунинг самараси ўлароқ, 10 дан зиёд экспорт шартномалари тузилди.
Жамғармамиз вакиллари, шунингдек, Бахт шаҳридаги “Гул-Рен-Текс” масъулияти чекланган жамияти, Гулистон шаҳридаги “Бек” кўп тармоқли корпорацияси, Боёвут туманидаги “Sirdaryo Licorice Extract” қўшма корхонаси фаолиятини ўрганиб, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни кўришди. Чунончи, тижорат таклифлари интернет сайтларига жойлаштирилиши туфайли ушбу хўжалик юритувчи субъектлар янги ҳамкорлар топишга муваффақ бўлди.  Масалан, шу йилнинг октябрь ойида сингапурлик ишбилармон ва сармоядорлар юртимизга ташрифи доирасида вилоятимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишдилар. Шу аснода “Бек” кўп тармоқли корпорацияси раҳбари Улуғбек Сотиболдиев, хусусий тадбиркор Зумратхон Иманкулова ва бошқа кўплаб тадбиркорларимиз маҳсулотлари экспорти бўйича келишувларга эришилгани диққатга сазовордир.
Бу каби икки томонлама самарали хизматларимиз туфайли ҳамкорларимиз сафи тобора кўпайиб бораяпти. Филиалимизга биргина жорий йилнинг октябрь ойида 16 та ташкилот ва корхонадан мурожаат келиб тушгани бунинг яққол далилидир. Уларнинг 9 тасига тезкор кўмак берилгач, бир ой ичида 4 миллион 119,4 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар экспортга чиқарилди. Умуман олганда, жамғарма ёрдами билан шу йилнинг ўн ойида бажарилган экспорт амалиётлари ҳажми 26 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Мухтасар айтганда, филиалимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини экспортга йўналтиришни ташкил қилиш бўйича барча шарт-шароит яратилган. Бу эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи бозорларга чиқиши, янги савдо йўлакларини очиши, пировардида мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

Илҳомжон СУВОНҚУЛОВ,
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Сирдарё филиали директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn