Таъминот ва тежамкорлик
  • 22 Ноябрь 2014

Таъминот ва тежамкорлик

Ер юзида аҳоли сони кўпайиши, янги экин майдонлари ўзлаштирилиши, ишлаб чиқариш тармоқлари ортиши, табиийки, сувга бўлган эҳтиёжни оширади. Бу эса, ўз навбатида, сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллашни, исрофгарчиликка барҳам беришни, обиҳаётга масъулиятли муносабатни шакллантиришни тақозо этади.

Шу жиҳатдан олганда, Қорақалпоғистон Республикасида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганини кўриш мумкин.
— Бошқармамиз Оролбўйи минтақасидаги шаҳар ва туманлар аҳолисига хизмат кўрсатади, — дейди “Туямўйин — Нукус” минтақалараро сув ўтказгичидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Зафар Хониёзов. — Жорий йилнинг ўтган даврида 7 миллиард 883 миллион сўмлик 24 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 25 та маҳалла ва овулда яшовчи 16 мингга яқин кишилар марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлди. Бунда тасарруфимиздаги магистраль сув тармоқлари, иншоотлар ва обиҳаётни тақсимлаш шохобчаларида олиб борилган тежамкор технологияларга  асосланган янгиланишлар қўл келди.
Бундан ташқари, “Қорақалпоғистон Республикасини ичимлик суви билан таъминлаш ва реконструкциялашнинг 2020 йилгача бўлган стратегияси”га мувофиқ, ўтган йили Манғит, Чимбой, Бўстон шаҳарлари ҳамда Қонликўл тумани марказида 2454,4 миллион сўмлик маблағ эвазига 15,7 километрлик оби-ҳаёт тармоқлари қуриб битказилди. Айни пайтда эса Нукус шаҳридаги 25 та кўп қаватли уй, “Дўстлик” канали бўйида барпо этилаётган ижтимоий соҳа объектлари, Беруний тумани марказидаги Халқлар дўстлиги ҳамда Беруний кўчаларини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш юмушлари қизғин давом эттирилмоқда.
Тахиатош шаҳридаги замонавий гидроиншоот ҳам қиш мавсуми олдидан шай ҳолатга келтирилди. Ҳозир бу ерда бир кеча-кундузда 60 минг куб метр сув тозаланиб, Тахиатош шаҳри, Хўжайли, Қонликўл, Шуманай, Қўнғирот туманлари аҳолисига етказиб берилаяпти.
“Туямўйин — Нукус” минтақалараро сув ўтказгичидан фойдаланиш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, яқин истиқболда минтақада янги тармоқларни қуриш ва реконструкциялаш бўйича 42 миллиард 524 миллион сўмлик лойиҳаларни рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Бу эса 60 та аҳоли пунктида истиқомат қилувчи 88 мингга яқин кишиларнинг хонадонида ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланиб, уларнинг турмуш даражаси юксалишидан далолат беради.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn