Давлат харидлари тизими янада такомиллашади
  • 22 Ноябрь 2014

Давлат харидлари тизими янада такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда бюджет тизимини ислоҳ қилиш” қўшма лойиҳаси томонидан давра суҳбати ўтказилди.

Унда тегишли вазирлик ва идоралар, давлат харидлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастурининг вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлат харидлари тизими мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айни чоғда унинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 11 фоизга яқинни ташкил этади. Бинобарин, давлат товарлар ва хизматларнинг йирик буюртмачиси ва истеъмолчисидир. Шу боис у давлат харидлари жараёнини самарали амалга ошириш учун очиқ-ошкора ва рақобатли шарт-шароитларни шакллантириш чора-тадбирларини кўради. Ушбу соҳадаги фаолиятни ривожлантириш учун эса ҳаётий зарур қонунларни қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.
Давра суҳбатида Молия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида миллий ҳамда халқаро шериклар билан ҳамкорликда тайёрланган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий йўналишлари, аҳамиятли жиҳатлари, таклиф этилаётган янгиликлар тақдим қилинди. Қайд этилганидек, унинг қабул қилиниши бюджет маблағларини сарфлашнинг самарадорлиги ва очиқ-ошкоралигини ошириш ҳамда кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини яхшилаш имконини беради. Бу эса, пировард натижада, мамлакат аҳолиси фаровонлиги янада ўсишига кўмаклашади.
— Тадбирда давлат харидлари жараёнининг асосий ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари, халқаро экспертлар билан ўзаро фикр алмашдик, — дейди Молия вазирлиги ўазначилик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Б. Сугирбаев. — Айниқса, қонун лойиҳасига манфаатдор томонлар асосли таклифлар билдиришди. Айни чоғда биз ўз ишимизда халқаро тажрибани ва энг яхши амалиётни ҳисобга олувчи миллий йўналтирилган тавсияларни ишлаб чиқишга интилаяпмиз.
Қизғин мунозара жараёнида сўзга чиққанлар мазкур ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn