Ислоҳот, интилиш ва истиқбол
  • 15 Ноябрь 2014

Ислоҳот, интилиш ва истиқбол

Сирдарё вилоятида бугунги кунда енгил саноат тизими жадал ривожланиб, воҳанинг энг чекка ҳудудларида ҳам йирик-йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.

Ўз навбатида, мавжуд корхоналарда кенг кўламли технологик янгиланишлар амалга оширилиши ҳисобига тайёрланаётган маҳсулотлар рақобатбардошлиги ошиб бораётир.
Сирдарё туманидаги “Бектекс” корхонаси — шундай илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири. Бу ердаги технологик жараёнлар энг илғор дастгоҳлар асосида амалга оширилади. Яъни корхона мутахассисларининг айтишича, тикув машиналаридан тортиб, кийимларга тасвир ёки ёзув туширадиган ускуналаргача энг сўнгги русумда. Жумладан, Япониядан келтирилган тикув дастгоҳлари юқори сифатли маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Қолаверса, улардан фойдаланиш муддати ҳам турдошларига қараганда бирмунча узоқ.
Корхонада ишлаб чиқаришнинг илк босқичи андозалар яратиш ва бичиш цехидан бошланади. Айтиш лозимки, бу ерда дастлаб “Гербер” дастури асосида иш бажарилар эди. Яқинда мазкур жараён янада замонавий ва такомиллаштирилган дастурга ўтказилди. Янги технология “Gemini” деб аталиб, у кўплаб афзалликлари билан аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Масалан, “Гербер” дастурида ишлаганда, бичиш-кесиш ишлари 40 дақиқада бажарилган бўлса, янгисида бунинг учун атиги 4 дақиқа кифоя қилмоқда.
— “Gemini” дастури деярли бутун ишлаб чиқариш натижаларимизни аввалдан аниқлаб беради, — дейди “Бектекс” масъулияти чекланган жамияти директори Fанишер Нормуҳаммедов. — Хусусан, у орқали кийим тикишга ажратилган маълум ҳажмдаги матодан қанча кийим чиқишини ва бунга сарфланадиган харажатлар миқдорини олдиндан билиш имкониятига эгамиз. Янги дастур барча керакли технологик ахборотларни тайёрлаб бериши билан ҳам жуда аҳамиятли. Шу туфайли матолардан қийқим чиқишини кескин камайтиришга эришдик.
Бинобарин, бундай самарали жараённи кийимларга расм ва бошқа безаклар туширишда ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, 177 минг АҚШ доллари эвазига олинган 2 та ускунанинг хотирасида 12 хил ранг мавжуд. Яъни бу дизайнерлар учун кенг имконият яратиб, кийимлар ранг-баранглигини таъминлайди.
Корхона маҳсулотлари юз фоиз хориж бозорларига йўналтирилмоқда. Жумладан, жорий йилда иш бошлаган мазкур янги ишлаб чиқариш субъекти томонидан қисқа муддатда бир миллион 200 минг АҚШ долларилик кийим-кечак ташқи бозорда сотилгани эътирофга лойиқ. Таъкидлаш жоизки, корхона қуввати анча юқори. Жамоа томонидан ҳар ойда 200 мингдан 300 минг донагача тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани бунинг ёрқин далилидир.
Ҳозир бу ерда 300 киши иш билан банд. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Сўнгги жиҳозлаш ишлари бажарилаётган алоҳида гул босиш цехи фойдаланишга топширилгач, яна 25 кишининг бандлиги таъминланади.
Эътироф этиш лозимки, вилоятда енгил саноатнинг жадал равнақ топаётгани ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Минглаб янги иш ўринлари яратилгани ҳолда толадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичи ортиб, соҳа вилоятдаги экспорт салоҳияти юқори тармоққа айланиб бормоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn