Транспорт-логистика: Изчил ривожланиш ва салоҳият
  • 13 Ноябрь 2014

Транспорт-логистика: Изчил ривожланиш ва салоҳият

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Транспорт ва логистика — TransUzbekistan — 2014” XI халқаро кўргазмаси иш бошлади. У Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон халқаро экспедиторлар ҳамда Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмалари, шунингдек, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, транспорт ва логистика глобал иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан ҳисобланади. Шу маънода, ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожи кўп жиҳатдан транспорт-коммуникация тизимининг қанчалик тараққий этганига боғлиқ. Қувонарли жиҳати, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида транзит бозори тобора тараққий этаётган давлатлар сирасига киради. Гап шундаки, юртимизда ушбу йўналишда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли тармоқда замонавий технологияларга асосланган инфратузилма шаклландики, бунда Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур ҳужжат доирасида ишлаб чиқилган дастурга биноан, 2306 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш режалаштирилгани, айни пайтда “Мароқанд — Қарши”, “Қарши — Термиз” сингари серқатнов темир йўлларни электрлаштириш лойиҳалари жадал рўёбга чиқарилаётгани ана шундан далолат беради.
Буларнинг бари, ўз навбатида, хорижий сармоядорлар ва мутахассисларнинг республикамизга қизиқишини оширмоқда. Жорий йилги тадбирда Германия, Грузия, Россия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Хитой, Латвия, Литва каби давлатлардан 50 га яқин компанияларнинг вакиллари қатнашаётгани бунинг тасдиғидир. Кўргазмада Болтиқбўйи мамлакатлари, айниқса, фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Латвиянинг 12 та компаниясидан иборат миллий гуруҳи ўзларининг юкни юклаш, ташиш ва тушириш ускуналарини, умуман, логистика салоҳиятини жамоатчиликка кенг намойиш қилмоқда. 
Эстониянинг “Transgroup Systems L.P” компанияси томонидан ташкил этилган стенд ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Шу компаниянинг Тошкентдаги ваколатхонаси бўлими бошлиғи Алена Галимованинг айтишича, мазкур кўргазма фаолиятни кенгайтириш учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Чунки  мамлакатимиз темир йўл тизимида жуда кўп ўзгаришлар рўй бераяпти. Жумладан, мавжуд йўллар замон стандартларига мослаштирилиб, янги линиялар қурилмоқда. Бу — келгусида айнан темир йўлларда юк ташиш ва вагонларни ижарага беришга ихтисослаштирилган “Transgroup Systems L.P” компанияси хизматларига талаб янада ортади, деганидир.
Тошкент вилоятида жойлашган “Universal Logistics Services” терминали ҳақида ҳам худди шундай фикрни билдириш мумкин. Негаки, ҳозирги кунда республикамиздаги энг йирик замонавий терминаллардан бири ҳисобланган ушбу корхона хизматларидан ўнлаб мижозлар унумли фойдаланмоқда.
— Бугунги кунда Ўзбекистон ҳар бир соҳада, хусусан, транспорт-коммуникация йўналишида ҳам улкан ютуқларни қўлга киритмоқда, — дейди Хитойдаги “Qingdao Huachi Ture Co. Ltd.” компаниясининг савдо бўйича менежери Мэн Сяньцин. — Бунга кўргазма давомида яққол гувоҳ бўлаяпмиз. Қолаверса, юртингиз қадимдан Буюк Ипак йўли орқали минтақалараро алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келган. Эндиликда эса бу борадаги ишлар замонавий услубда, такомиллашган транспортлар ёрдамида амалга оширилмоқда. Ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда эса навбатдаги кўргазма қўл келиши, шубҳасиз. Биз ҳам шу мақсадда ўзимизнинг юк ва енгил автомобиллар учун мўлжалланган шиналаримизни иштирокчиларга тавсия қилаяпмиз.
Қизғин мулоқот ва манфаатли келишув майдонига айланган “Транспорт ва логистика — TransUzbekistan — 2014” халқаро кўргазмаси жорий йилнинг 14 ноябрига қадар давом этади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn