Давлат дастури ижросида банкларнинг иштироки
Версия для печати
  • 13 Ноябрь 2014

Давлат дастури ижросида банкларнинг иштироки

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Трастбанк” хусусий акциядорлик биржа банки ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси бўйича банк тизими томонидан олиб борилаётган ишлар таҳлилига бағишланган мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, тижорат банклари раҳбарлари, жамоатчилик ташкилотлари, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидландики, банклар томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ишбилармонлар учун қулай инвестициявий муҳит яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар ҳажмини кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Кредит маблағлари, биринчи навбатда, бошланғич сармояни шакллантириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик янгилаш лойиҳаларини молиялашга йўналтирилаяпти. Натижада жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида соҳа субъектларини қўллаб-қувватлаш учун берилган кредитлар ҳажми 2013 йилдагига нисбатан 1,3 баробар ўсиб, 8 трлн. сўмга етди. Шундан 1,7 трлн. сўми микрокредитлар бўлиб, бу ўтган йилдагига нисбатан қарийб 1,4 баробар кўпдир.
Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз бизнесини йўлга қўйиш учун 180,1 млрд. сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Унинг салмоқли қисми саноат ва инфратузилма нисбатан ривожланмаган туманлардаги таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес-режалари ижросига йўналтирилгани диққатга сазовордир.
Давлат дастурига биноан, озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Кўрсатилаётган молиявий кўмак, айниқса, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Шу боис иқтисодиётимизнинг ушбу жабҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳажми аввалги йилнинг тегишли давридагига нисбатан 1,5 баробар кўпайтирилиб, 170,4 млрд. сўмга етказилди. Банкларнинг кредитларидан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси вакиллари, тадбиркор аёллар ҳам унумли фойдаланиб, ўз фаолиятини кенгайтиришга муваффақ бўлишаяпти.
Анжуманда Давлат дастурига мувофиқ, “Трастбанк” хусусий акциядорлик биржа банки томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn