Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
  • 12 Ноябрь 2014

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 11 ноябрь куни Америка — Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, нефть-газ, авиасозлик, машинасозлик, савдо-саноат, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, авиаташув, геология ва минерал ресурслар, металлургия, кимё ва озиқ-овқат саноати, суғурта, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори технологиялар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ҳамда ахборот технологиялари каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр ўаниев Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатлар барча жабҳада, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётганини, ушбу мажлис мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиб, ҳар икки томон имкониятларини янада кенгроқ ишга солишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар  самарасида Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб, нуфузи тобора ошиб бормоқда. Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодиёти, чет эл сармоясини кенг жалб этиш ва ундан фойдаланиш бўйича шаклланган пухта механизм бугун энг ривожланган мамлакатларни, жумладан, Америка Қўшма Штатларини ҳам юртимиз билан фаол ҳамкорлик қилишга чорламоқда.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини иқтисодиёт, савдо, инвестиция, ҳаво транспорти, таълим, фан-техника каби турли соҳалардаги элликдан зиёд ҳужжат, шунингдек, Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация ташкил қилади. Бугунги кунда икки томонлама алоқалар ушбу декларация ва ҳужжатлар қоидалари ҳамда тамойилларига асосланган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик, конструктив ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳурмат қилиш принципларига мувофиқ ривожланиб бормоқда.
Ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда савдо-иқтисодий ва сармоявий  соҳалардаги ҳамкорликка устувор аҳамият берилади. Америка компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларидаги қатор муҳим сармоявий  лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, АҚШнинг “Женерал Моторз”, “Кейс Нью Холланд”, “Локхид Мартин”, “Хайат” каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бунда мамлакатимизда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда иш юритиш учун яратилган қулай сармоявий муҳит, кенг имконият, имтиёз ва преференциялар муҳим омил бўлмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари, бу борада ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишларини ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, юқори технологияли, жумладан, нефть-газ, кимё саноати, автомобилсозлик, авиасозлик, энергетика ва энергия тежаш, фармацевтика, электр техникаси, озиқ-овқат саноати соҳаларидаги сармоявий лойиҳалар учун АҚШ сармояси ва технологиясини жалб қилишда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси йил сайин ошиб бормоқда. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 387 миллион долларни ташкил қилди. Мамлакатимизда америкалик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган 174 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. АҚШнинг 39 фирма ва компанияси юртимизда ўз ваколатхонасини очган. Улар автомобилсозлик, нефть-кимё, тўқимачилик ва енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослаштирилган.
Америкалик ишбилармонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараларини юксак баҳолади. Дунёда ҳануз давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирозга қарамай, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик боис Ўзбекистон юксак иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришаётгани, бу хорижий сармоядорларнинг мамлакатимиз билан ҳамкорликка қизиқишини тобора ошираётгани таъкидланди.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайишида Америка — Ўзбекистон савдо палатаси муҳим ўрин тутади. 1993 йили ташкил топган ушбу палата икки мамлакат ўртасидаги савдо-сармоявий алоқаларни ривожлантириш мақсадида кўнгилли асосда тузилган ноҳукумат нотижорат ташкилотдир. Унга аъзо компаниялар хедж фондлардан тортиб, юридик фирмалар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, меҳмонхоналар ва интернет хизмати провайдерларигача бўлган турли бизнес жабҳаларида фаолият юритади.
Америка — Ўзбекистон савдо палатасининг асосий мақсади АҚШ фирма ва компанияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига жалб этиш, хусусан, мамлакатимиздаги сармоявий муҳит билан уларни яқиндан таништириш баробарида, инвестиция киритиш ва ҳамкорликда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чорлаш, тадбиркорларнинг бизнес режаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Америка — Ўзбекистон савдо палатаси Раиси Кэролин Лэмм Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда ялпи ички маҳсулот ўсишининг юқори суръати таъминланаётганини алоҳида қайд этди.
— Ўзбекистон билан ўзаро самарали ҳамкорлик мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қилаётир, — деди К. Лэмм. — Мамлакатингиздаги барқарор вазият, юксак макроиқтисодий кўрсаткичлар ва юқори малакали кадрлар  Ўзбекистонга хорижий сармоя киритиш истаги ҳамда имкониятларини тобора оширмоқда. Анжуманда иштирок этган Америка компаниялари Ўзбекистон билан ўзаро сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Мазкур мажлис натижалари икки томонлама фаол ва истиқболли ҳамкорликни янада  мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбирда АҚШнинг ўттиздан зиёд йирик компанияларидан вакиллар иштирок этгани ҳам ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши  катта эканидан далолат беради.
— Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, кончилик каби соҳаларда фойдаланиладиган техника воситалари ва машиналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган компаниямиз Ўзбекистонда фаолият юритаётганига 16 йилдан ошди, — деди “CиЭнЭйч Индастриал” компанияси вице-президенти Роберто Вальфрэ. — Ўзбекистондаги ижтимоий ва иқтисодий омиллар ишлаб чиқариш жараёнининг такомиллашишига, фаолиятимизнинг жадал ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда маҳсулотларимиз учун зарур бўлган кўплаб бутловчи қисмларни Ўзбекистондан олмоқдамиз. Мамлакатингиздаги бизнесимизни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.
“Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналарида иш юритиш учун яратилган имконият ва имтиёзлар, юқори технологик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар муҳокама қилинди. Эришилган келишувлар келгусида икки томон учун ҳам манфаат келтиришига ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда янада ривожланишига ишонч билдирилди.
Шу куни Ўзбекистон ва АҚШ тадбиркорларининг кооперацион биржаси ҳам бўлиб ўтди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn