Боғ ва дала неъматлари халқимиз
  • 11 Ноябрь 2014

Боғ ва дала неъматлари халқимиз

фаровонлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади

Президентимиз шу йил 6 июнда Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқида “Мева, узум, сабзавот ва полиз маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлашда фермерларимиз олдида катта вазифалар турибди. Айниқса, қишлоқларимиздаги боғларда пишиб етилган мевани қайта ишлашга катта эътибор қаратиш лозим”, дея алоҳида таъкидладилар.
Мазкур нуфузли анжуманда, шунингдек, тобора глобал муаммога айланиб бораётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борада дунёнинг айрим минтақаларида юзага келаётган мураккаб вазиятлар муҳокама этилиб, республикамизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирларга эътибор қаратилди.
Ҳақиқатан ҳам, серқуёш юртимизнинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, қуёшли кунларнинг бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви юқори сифатли мева ва сабзавотлар етиштириш учун қулай имкониятдир.
— Биз бизнес-режа бўйича хорижий давлатлардан сут, гўшт ва мевани қайта ишлаш технологияларини олиб келишга астойдил киришдик, — дейди карманалик фермер Бобоёр Ражабов. — Негаки, ёз ойларида боғларда ерга тўкилган меваларни кўрганимда, ачиниб кетаман. Бунга, албатта, ўзимиз айбдор. Уни қайта ишлаш биз, фермерларнинг бурчи эмасми? Шундан келиб чиқиб, мева-сабзавотни қайта ишлаш учун жой ҳозирлаб қўйдик. Мақсадимиз — тармоқни ривожлантириб, ички бозорни янада файзу баракали қилишга ҳисса қўшиш.
Аввало, шуни қайд этиш керакки, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари, айрим давлатлардагидек, фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобидан эмас, аксинча, ҳосилдорликни ошириш орқали мустаҳкамланаётир. Агар 1991 йилда ҳар гектар ердан ўртача 36,9 центнердан мева, 50,4 центнердан узум, 188 центнердан сабзавот, 86,9 центнердан картошка ҳосили олинган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 110-278 центнергача етганлиги шундан далолат беради.
Бундай ўсиш суръатларини Навоий вилояти мисолида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 ноябрдаги “2014 йилда мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг прогноз кўрсаткичлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудда аҳоли томорқалари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида ушбу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мева-сабзавот ишлаб чиқаришни ошириш дастурига кўра, жорий йилда ўтган йилдагига нисбатан 110 фоиздан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилмоқда.
Шу мақсадда кўплаб фермер хўжаликлари томонидан М. Мирзаев номидаги Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти ҳамда кўчатчиликка ихтисослаштирилган марказлардан аъло навли мевали кўчатлар келтирилиб, ўтқазилган бўлса, интенсив боғларда томчилатиб суғориш технологияси кенг жорий этилди. Саккизта фермер хўжалиги ва йирик саноат корхоналари томонидан 211 гектар майдонга қарийб 146 минг туп ярим пакана навли мевали дарахт кўчатлари экилди. 40 та фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхонасида 119,2 гектар ерда янги токзорлар барпо қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлган юзлаб доимий иш ўринлари яратилаётир.
Бундан ташқари, вилоятда етарли даражада озиқ-овқат захираларини ғамлаш ва уларни сақлаш орқали йил давомида халқимиз дастурхонига тортиқ этиш, хорижий давлатларга экспорт қилишга ҳам катта эътибор берилмоқда.
— 2014/2015 йилларнинг қиш-баҳор мавсуми учун омборларда 26 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари сақлашни режалаштирганмиз, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Суннат Тешаев. — Шундан 15,6 минг тоннаси такрорий экинлар ҳиссасига тўғри келади. Бунинг учун мавжуд омборхоналар, совитиш камералари таъмирланиб, маҳсулотларни тўлиқ қабул қилишга шайлаб қўйилгани айни муддао бўлмоқда.
Кўрилган ана шу чора-тадбирлар ҳозирданоқ ўз самарасини бермоқда. Хусусан, барча тоифадаги хўжаликларда асосий, оралиқ ва такрорий экин майдонларида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари 490,3 минг тоннага етди. Аниқроғи, картошка, полиз, сабзавот, мева етиштириш аҳоли жон бошига нисбатан бир неча баробар кўпайди. Ушбу маҳсулотларнинг 9,1 минг тоннаси уруғлик учун сақланса, 38 минг тоннасини қайта ишлаш учун, 5,1 минг тоннасини экспорт учун, 438,1 минг тоннасини эса аҳоли истеъмоли ва ички бозорни тўлдириш учун етказиб бериш мўлжалланаяпти.
Шу билан бирга, вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қишлоқ жойларда уларни қайта ишловчи минитехнологиялар билан жиҳозланган кичик корхоналарни ташкил этиш борасида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, 2008 йилда ҳудудда гўштни қайта ишлаш 3,6 фоизни, сутни қайта ишлаш 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи ихчам минитехнологиялар ўрнатилган кичик корхоналар сони икки ҳисса ортди. Уларда жорий йилнинг ўтган даврида гўштнинг 10,9 фоизи, сутнинг 12,4 фоизи ҳамда мева-сабзавотнинг 9,5 фоизи қайта ишланди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларининг роли тобора ошмоқда. Улар тармоқни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ишларини изчил олиб бораётгани эса  қўлга киритилаётган муваффақиятларнинг муҳим омили бўлаяпти.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn