Изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси
  • 11 Ноябрь 2014

Изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизнинг барча соҳалари қаторида енгил саноат тармоғида ҳам эътиборга молик муваффақиятлар қўлга киритилмоқда.

Бинобарин, ушбу тизимда ҳар йили ўнлаб янги корхоналар ишга туширилиб, мавжудлари модернизация қилинаётгани бунинг яққол далилидир.
Пировардида ички ва ташқи бозорга сифатли тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берилиши баробарида, юзлаб ёшларнинг бандлиги таъминланаяпти. “Жиззах пластекс” Ўзбекистон — Германия қўшма корхонаси фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади. Собиқ пайпоқ тўқиш фабрикасининг эски ва кўримсиз биноси ўрнида барпо этилган мазкур замонавий корхонада бугунги кунда 800 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Улар томонидан тайёрланаётган калава ип эса тўлиғинча экспортга йўналтирилаяпти. 
— Президентимиз ўтган йилнинг ёзида вилоятимизга ташрифи чоғида корхонамизда ҳам бўлган эди, — дейди ушбу корхонанинг бош директори Асқар Иноғомов. — Ўшанда эндигина дастгоҳлар ўрнатилиб, монтаж ва синов ишларини бажараётгандик. Юртбошимиз томонидан билдирилган таклиф ва маслаҳатлар асосида иш кўрганимиз натижасида тез орада дастлабки маҳсулотни ишлаб чиқаришга эришдик. Ўша йилнинг ўзидаёқ харидорларга 12 минг тонна юқори сифатли маҳсулот етказиб бердик.
Таъкидлаш жоизки, “Жиззах пластекс”да ишлаб чиқариш қувватларини оширишга қаратилган лойиҳалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, “Terrot” (Германия) фирмасининг 45 та тўқув дастгоҳи ўрнатилгандан сўнг йилига 4600 тонна хом газлама тайёрлаш имконияти юзага келди. Шу кунларда эса корхонанинг учинчи навбатини ишга тушириш  юзасидан чора-тадбирлар кўрилаяпти. Яъни ҳамкорлар билан биргаликда толаси нисбатан калта бўлган 2 ва 3-навли пахтадан ҳаво ёрдамида калава ип олиш технологияси ўзлаштирилгач, келгуси йилнинг ўрталаридан бошлаб ишлаб чиқариш ҳажми 12 минг тоннага кўпаяди. 
Корхона фаолияти билан танишар эканмиз, унинг ҳудудида яна бир замонавий бино қад ростлаётганига гувоҳ бўлдик. Бош директор Асқар Иноғомовнинг айтишича, мазкур иншоот болалар учун кийим-кечак ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги цех бўлиб, у фойдаланишга топширилса, нафақат йилига катта миқдордаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади, балки ишчи-хизматчиларнинг сони икки баробар ортади.
Умуман, бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг ўртача ёши 23 га тенг бўлиб, уларнинг 500 нафардан кўпроғи касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.
— Корхонамизда хорижий тажрибаларни ўрганиш борасида ҳам қулайликлар яратилгани биз учун айни муддао бўлмоқда, — дейди ишчилардан бири Хушнуд Аширматов. — Жумладан, ўтган йили Жанубий Кореяда бир ой бўлиб, малака ошириб қайтдим. Ҳозирги пайтда бош механик вазифасида ишлаяпман.
Хулоса ўрнида айтганда, Жиззах вилоятида 2016 йилгача саноат соҳасида умумий қиймати 522,5 миллион АҚШ долларилик 406 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилганини инобатга олсак, ҳудудда йирик корхоналардан яна бир нечтаси қурилиши ойдинлашади. Бу — Хушнудга ўхшаш минглаб ёшлар иш билан таъминланади, вилоят, қолаверса, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланаверади, деганидир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn