Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти Францияда тақдим этилди
  • 08 Ноябрь 2014

Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти Францияда тақдим этилди

Яқинда Париж ва Иль-де-Франс ҳудуди Савдо-саноат палатасида “Ўзбекистон бозорида Франция компаниялари учун қандай бизнес-истиқболлар мавжуд ва қандай стратегияни қабул қилиш лозим?” мавзуида мамлакатимизнинг сармоявий салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Европа Иттифоқининг “Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури (МТР)  — Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган ушбу тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Тақдимотда Франциянинг фирма ва компаниялари, ассоциация ва агентликларининг вакиллари иштирок этди. Улар республикамизда яратилган сармоявий иқлим, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари ҳамда “Навоий” халқаро интермодал логистика марказидаги мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Илғор технологиялар алмашишга қаратилган ҳамкорликка,  кимё, озиқ-овқат, машинасозлик, фармацевтика, сайёҳлик саноати ва бошқа соҳаларда  маҳсулотларнинг кенг номенклатурасини ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятидан тўласинча фойдаланилмаётганлиги ҳам таъкидланди. Қайд этилганидек, мамлакатлар ўртасида сармоявий кооперацияни ривожлантириш учун салмоқли имкониятлар мавжуд бўлишига қарамасдан, бугунги кунда унинг даражаси юқори  эмас.
Маросим қатнашчилари олдида сўзлар экан, Париж ва Иль-де-Франс ҳудуди Савдо-саноат палатаси Халқаро ҳамкорлик бошқармасининг директори Жорж Фишер Ўзбекистон истиқлол йиллари давомида қўлга киритган ижтимоий-иқтисодий муваффақиятларни қайд этди. У Ўзбекистонда  иқтисодиётнинг барча соҳасини диверсификация қилиш борасида катта истиқболлар мавжуд эканлигига тўхталиб, бу Франция тадбиркорларини қизиқтириши лозим эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича,  мамлакатда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг даражаси Ўзбекистоннинг хорижий сармоядорлар учун жозибадорлигини белгилаб берувчи асосий омил  бўлиб хизмат қилади.
Ж. Фишер Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва унинг кўламларини кенгайтириш заруриятини исботлаб берадиган ушбу тақдимот маросими ўз вақтида ташкил этилганлигини қайд этди. У Франция компанияларини ўзбек шериклар билан фаол ҳамкорликни ўрнатишга даъват қилди.
Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари раҳбарлари салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳасининг менежери Григориус Контзоглоу мазкур дастур ҳақида маълумотларни тадбир иштирокчилари билан атрофлича  ўртоқлашди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ўзбек менежерларининг бошқарув малакасини  ошириш, бошқарув ва бизнес юритишнинг Европа усулларидан таҳсил бериш, шунингдек, Ўзбекистонда кичик бизнесни самарали бошқариш ҳамда узоқ муддатли истиқболда уларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қодир бўлган малакали, ваколатли тадбиркор ва менежерлар сонини оширишдан иборатдир.
Г. Контзоглоунинг фикрича,  мазкур лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши  икки мамлакат компаниялари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини муваффақиятли йўлга қўйишда  ўзига хос бир кўприк ва самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, тақдимот чоғида тақдим этилган маълумотлар франциялик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир якунида томонлар савдо-сармоявий ҳамкорликни жадаллаштириш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан мулоқот чоғида тақдимотнинг айрим иштирокчилари Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.
Париж ва Иль-де-Франс ҳудуди Савдо-саноат палатаси Халқаро ҳамкорлик бошқармасининг директори Жорж Фишер:
— Савдо саноат палатасида бўлиб ўтган тадбирдан кўзланган мақсад европалик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга қаратилган. Ушбу тақдимотда иштирок этганимиздан мамнунмиз, чунки тадбир бизга Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари ҳамда  30 миллиондан зиёд аҳолига эга бўлган Ўзбекистон бозорининг фаолияти ҳақида бирламчи маълумотлардан воқиф бўлиш имкониятини яратди.
“Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури (МТР)  — Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳасидаги муҳим омиллардан бири Ўзбекистоннинг кичик бизнес вакиллари учун Франция ёки Европа компанияларида амалиёт уюштирилишидадир. Унинг муваффақиятли ҳаётга татбиқ этилиши ўзбек ва европалик тадбиркорлар ўртасида бевосита ишлаб чиқариш ва кооперация алоқаларини ўрнатиш ишига хизмат қилади.
“KNS LEASE” компаниясининг молиявий ишлар бўйича директори Лионел Малзак:
— Компаниямиз фаолиятининг асосий йўналиши лизинг асосида тиббий асбоб-ускуналарни етказиб беришдан иборат. Биз ўзбекистонлик шериклар билан бу соҳада узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдормиз.
Ўзбекистон Республикаси Европа ва Осиё ўртасида стратегик жиҳатдан муҳим жуғрофий  жойлашувга эга. Мамлакатда бизнес ривожланишига туртки бераётган муҳим омиллардан бири Ўзбекистондаги  барқарорлик, осойишталик ва фаровонлик муҳитидир.

Ж. МУТАЛОВ,
«Жаҳон» АА.
Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn