Мамлакатимиз тараққиёти ва қудратининг тимсоли
  • 07 Ноябрь 2014

Мамлакатимиз тараққиёти ва қудратининг тимсоли

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий салоҳияти юксалишида транспорт коммуникациялари, айниқса, темир йўллар беқиёс аҳамиятга эга.

Зеро, “пўлат излар” ётқизилган манзилларга тараққиёт ҳам кириб бориб, бу жойда фаровонлик, ободлик, маданий ва маърифий юксалиш ҳукм суради. Шу боис Ўзбекистонимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб транспорт тизимининг муҳим бўғини — темир йўлларни ривожлантириш, янги линиялар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан бундан 20 йил муқаддам “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг ташкил этилиши эса мазкур тизимда тамомила янги даврни бошлаб берди.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида ҳар бири мўъжизаларга қиёсланаётган янги темир йўл линиялари барпо этилиб, улар том маънода иқтисодиётимизнинг асосий қон томирларига айланди. Бугунги кунда барча транспорт турларида юк ва йўловчи ташишлар жами ҳажмининг катта қисми темир йўл тармоғи улушига тўғри келаётгани бунинг яққол далилидир. Бошқача айтганда, юртимиз аҳолисининг халқ хўжалиги маҳсулотлари ва йўловчи ташишга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилиб, ўтган давр ичида 1,4 миллиард тонна юк ҳамда 350 миллион нафар йўловчи ўз манзилларига етказиб қўйилди.
Кеча “Туркистон” санъат саройида “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг ташкил этилганига йигирма йил тўлиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз темир йўлчилари, компания тизимидаги корхона ва ташкилотлар, турли вазирлик ҳамда идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси жамоасига йўллаган табригини ушбу компания бошқаруви раиси А. Раматов ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида истиқлол йилларида темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, янги йўлларни қуриш орқали транспорт йўлакларини кенгайтириш тараққиётнинг муҳим ва стратегик йўналишларидан бирига айланди. Натижада тарихий Буюк Ипак йўлининг узундан-узоқ карвонлари ўрнини замонавий транспорт-коммуникация тизимлари, хусусан, темир йўллар эгаллай бошлайди. Янги темир йўл линиялари билан бирга, кўзни қувонтирадиган муҳташам иншоотлар, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган кўркам станция ва вокзаллар қад кўтармоқда. Бир эътибор қилинг-а: ўтган давр ичида 1,1 минг километр янги йўллар қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, 3,8 минг километр узунликдаги темир йўллар қайта тикланди ва 1000 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Шунингдек, 11 янги вокзал қурилиб, 7 таси эса қайта таъмирланди. Саноат корхоналарида хорижий инвестициялар жалб қилинган ҳолда, истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши туфайли 2,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Буларнинг барчаси темир йўлчиларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасидир. Бу “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси тизими вакиллари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ўтган йиллар мобайнида тизимда фаолият юритиб келаётган юзлаб мутахассис, инженер-техник ходимлар, йўлсоз ва машинистлар Ватанимизнинг юксак унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари ҳам борлиги қувонарлидир.
Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган Фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, темир йўл транспорти тизимини замон талаблари асосида ривожлантириш, соҳадаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун соҳанинг яна бир гуруҳ вакиллари фахрий унвонлар ҳамда орден ва медаллар билан тақдирланди. 
Тадбирда юксак мукофотлар ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.
Мустақиллик туфайли Ўзбекистон темир йўллари жаҳонга юз тутди. Босқичма-босқич олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва модернизациялаш ишлари ҳақли равишда барчанинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлмоқда. Амударё узра қад ростлаган муҳташам кўприк ана шундай улкан лойиҳалар сирасига киради. Ушбу маҳобатли иншоот Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини боғлаб, пойтахтимиздан Оролбўйи минтақасига қатновчи поездларнинг ҳаракат вақтини 5,5 соатга, масофани эса 300 километрга қисқартириш имконини берди.
Умуман олганда, мустақил мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг чинакам намойиши бўлган шу каби кўплаб лойиҳалар, хусусан, “Навоий — Учқудуқ — Нукус — Султон Увайстоғ”, “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” линиялари қурилиши муваффақиятли амалга оширилди. Пировардида тизимдаги фойдаланиладиган умумий темир йўлларнинг узунлиги 6,5 минг километрга етказилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 21 декабрда имзоланган “2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳа тараққиётини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимиз темир йўлчилари Марказий Осиёда биринчи бўлиб, 270 километр тезликда ҳаракат қиладиган замонавий поездлардан фойдаланиш учун мўлжалланган “Тошкент — Самарқанд” темир йўлини барпо этдилар. 
2011 йилнинг 26 август санасида “Afrosiyob” тезюрар поезди пойтахтимиздан Самарқанд сари биринчи қатновни амалга оширди. Ундаги замонавий шароитлар, сервис хизматлари ва қулайликлар нафақат юртдошларимиз, балки хориждан ташриф буюрган меҳмонларни ҳам ҳайратга солиб келмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон шундай тезюрар поездларга эга дунёнинг саноқли давлатлари сафидан жой олди.
Темир йўлчиларимиз бугун наинки бунёдкорлик жабҳасида эришган муваффақиятлари, балки мамлакатимизда оғир машинасозлик ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси билан ҳам фахрлана олишади. Чунки компания тизимидаги заводларда бир неча турдаги йўловчи ва юк вагонлари ишлаб чиқариш, импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилган. Япония халқаро ҳамкорлик жамғармаси инвестициялари жалб этилган ҳолда, Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи ишга туширилганлиги бунга яққол мисолдир. Бу ерда йилига ўртача 50 та вагон ишлаб чиқарилиб, 100 та йўловчи вагони таъмирланади.
Ўтган йили Қуюв механика заводида юксак технологияли янги ишлаб чиқариш мажмуасининг фойдаланишга топширилиши эса нафақат компания, балки республикамиз саноат корхоналарининг қуюв маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, ҳатто экспорт қилиш имкониятини яратди.
Локомотивлар паркини янгилаш ишлари ҳам доимий эътибордаги масаладир. Охирги ўн йил мобайнида халқаро стандарт ва талабларга тўла жавоб берадиган 38 та замонавий электровоз ва 10 та йўловчи тепловози харид қилиниб, ҳаракатдаги таркиб янгиланди. Бу эса, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш кўламини тобора кенгайтириш, сифатини тубдан яхшилашда муҳим омил бўлаётир. 
Айни кунларда Ўзбекистонимизнинг ягона мустақил темир йўл тизимини яратишнинг якуний босқичи бўлмиш Фарғона водийсини мамлакатимизнинг қолган ҳудудлари билан боғловчи, электрлаштирилган “Ангрен — Поп” темир йўли қурилиши жадал олиб борилаяпти. Кўлами жиҳатдан жуда улкан ва ўта ноёб бўлган мазкур лойиҳа доирасида умумий узунлиги 19 километрлик темир йўл туннели қурилади. Темир йўлчиларимизнинг ғайрат-шижоати, фидокорона меҳнати натижасида бугунги кунга қадар 35,5 миллион куб метр тупроқ ишлари, шу жумладан, 11,3 миллион куб метр қазиш ва портлатиш тадбирлари бажарилди. Айни чоғда 204 та сунъий иншоот, 11 кўприк, 3 та йўлўтказгич ва 82 километр темир йўл қурилиши ниҳоясига етказилди.
Шу билан бирга, туннелнинг асосий қисмида 5,5 километр узунликдаги ўтиш йўллари қурилиб, 1,4 километрлик участкада қурилиш ишлари якунланди. 2016 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган мазкур йирик лойиҳа, ҳеч шубҳасиз, Хитой — Марказий Осиё — Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг асосий қисмларидан бирига айланади. 
Маросимда сўзга чиққан “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг алоқа ва сигналлаштириш маркази бош муҳандиси Хикматилло Салиев, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Фируза Каримова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммадали Аҳмедов, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқалар мамлакатимиз темир йўл тармоғини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётимизни янада тараққий эттириш, юртимизнинг чекка ҳудудларига ҳам саноатни олиб кириш ва обод этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ушбу эзгу мақсад йўлида бутун борлиғини бахш этиб, меҳнат қилаётган касб соҳибларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. Собиров, Қонунчилик палатасининг Спикери Д. Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
Ш. Мирзиёев иштирок этди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn