Ҳамкорлик истиқболларига бағишланди
  • 07 Ноябрь 2014

Ҳамкорлик истиқболларига бағишланди

Кеча пойтахтимизда Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Британия кенгашининг йигирма биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда ҳар икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, инвестиция, фармацевтика, фан-таълим каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари қатнашди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Давлатларимиз ўртасида имзоланган икки ёқлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларни тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш, инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда ўзаро ҳимоялаш, иқтисодиёт, таълим, илм-фан, ҳаво транспорти алоқаси ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликка оид битимлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Бугунги кунда Буюк Британия Ўзбекистоннинг Европадаги энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг тўққиз ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2013 йилдагига нисбатан 14 фоиз ошгани ана шундан далолат беради.
Айни пайтда юртимизда Буюк Британия капитали иштирокида тузилган 504 та корхона фаолият юритаётган бўлса, шундан 142 таси тўлиқ британиялик ишбилармонлар сармояси асосида ташкил этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ушбу мамлакатнинг озиқ-овқат, кимё, тоғ-кон, фармацевтика, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослаштирилган 78 та фирма ва компанияси ваколатхоналари рўйхатдан ўтказилган.
Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Британия кенгаши мажлислари ҳар икки давлат пойтахтида 1994 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинади. Масалан, кенгашнинг 2013 йил ноябрь ойида Лондонда ташкил этилган йигирманчи мажлисида юздан зиёд компаниялар, вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари вакиллари қатнашди.
Навбатдаги анжуманда меҳмонлар юртимизда, хусусан, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарида яратилган шарт-шароит ҳамда инвестициявий иқлим ҳақида атрофлича таништирилди. Шунингдек, келгусида рўёбга чиқарилиши режалаштирилаётган лойиҳалар хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn