Янги имкониятлар ва замонавий қулайликлар
  • 06 Ноябрь 2014

Янги имкониятлар ва замонавий қулайликлар

маҳаллий корхоналар фаолиятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, ишлаб чиқариш корхоналари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани туфайли бугун улар барқарор фаолият юритиб, янги марралар сари дадил одимламоқда. Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Навоий машинасозлик заводининг фаолияти бунга яққол мисол бўла олади.
Гап шундаки, 3,5 минг нафардан ортиқ кишидан иборат жамоа томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида рўёбга чиқарилаётган инновацион лойиҳалар маҳсулот ҳажмини ошириш билан бирга, ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида комбинат томонидан 12,2 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилгани бунинг тасдиғидир.
— Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб, яхши натижаларга эришаяпмиз, — дейди завод бош муҳандиси ўринбосари Павел Волонтир. — Маҳсулотларимиз турли дастгоҳлар ва тоғ-кон саноати учун зарур эҳтиёт қисмлардан иборат бўлиб, барчасига талаб тобора ортаётган бўлса, жорий йилдан бошлаб буюртмачиларга спорт анжомлари етказиб беришни ҳам йўлга қўйдик.
Дарвоқе, корхона жамоаси йил бошидан буён пайвандлаш, механик йиғиш, металл қуйиш ва дастгоҳсозлик цехларида Марказий кон бошқармасининг катта миқдордаги буюртмаларини тезкорлик билан адо этди. Сўнгги русумдаги технологияларни жадал суръатларда ўзлаштираётган ёш мутахассислар томонидан яратилаётган асбоб-ускуналар хорижникидан асло қолишмайди. Шу туфайли жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда тайёрланган юқори сифатли токарлик дастгоҳлари экспорт қилинди.
Эътиборли жиҳати, Президентимизнинг 2014 йил 4 февралдаги “2014 —2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,  вилоятдаги 12 та корхонада ҳозирги кунгача 27,8 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар тайёрланиб, бу борада белгиланган режа 125,3 фоиз уддаланди. Қолаверса, мавжуд лойиҳалар асосида 11,8 млн. АҚШ долларилик чет эл валютаси иқтисод қилиниши баробарида, солиқ ва божхона тўловлари имтиёзларидан тежалган маблағ ишлаб чиқаришни модернизация қилишга йўналтирилди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Муаллиф олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn