Бирмингемда Ўзбекистон иқтисодиётининг тақдимоти
  • 06 Ноябрь 2014

Бирмингемда Ўзбекистон иқтисодиётининг тақдимоти

Яқинда Бирмингем савдо палатасида Ўзбекистон сармоявий имкониятларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Буюк Британия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур тадбир мамлакатимизнинг Лондондаги дипломатия ваколатхонаси томонидан Бирмингем савдо палатаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тақдимотда республиканинг жуғрофий жойлашуви, иқтисодий ривожланишнинг юқори даражаси, ташқи қарзи дунёдаги энг паст даражалардан бири эканлиги, шунингдек, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиш суръатлари ва диверсификацияланган иқтисодиёт Британия компаниялари учун қулай имкониятлар яратиши қайд этилди.
Тадбир қатнашчилари мамлакатимиз ҳукуматининг саноат ва сармоявий сиёсатидаги устувор йўналишлар, молия-банк тизимининг барқарор ўсиш суръатлари, ўрта ва кичик корхоналар экспорт салоҳиятининг кенгайиши ҳамда солиқ имтиёзларига оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Буюк Британия ишбилармон доиралари вакилларининг эътибори хорижий сармоядорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида яратилган қонунчилик базасига қаратилди. Тақдимот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва HSBC банки томонидан мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш ҳолати ва истиқболларига берилган баҳолар, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарида яратилган қулай сармоявий имкониятларга оид маълумотлар анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, улар Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” Давлат дастуридан кўзланган мақсад ва вазифалар, республиканинг Буюк Британия билан савдо-иқтисодий муносабатларини кенгайтириш истиқболлари, жорий йил ноябрида Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — Британия савдо ва саноат кенгашининг йигирма биринчи мажлиси ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишдилар.
Бирмингем савдо палатаси аъзоларининг нутқларида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги саноатлаштирилган етакчи мамлакат бўлиб, республикада автомобилсозлик ва машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, металлургия, нефть ҳамда газ-кимё саноати ва бошқа соҳалар ривож топгани бир неча бор қайд этилди.
Тақдимот иштирокчилари республикамиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг тараққиёт жараёнига ҳам катта қизиқиш билдиришар экан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида бу соҳадаги энг йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланишини таъкидладилар.
Тадбирда мамлакатимизда бизнесни ташкил этиш ва уни юритишнинг шарт-шароитлари, логистика, энергетика ҳамда юртимиз ҳудуди бўйлаб ўтувчи транспорт йўлакларига доир масалалар, Буюк Британия билан инновацион ҳамкорликнинг устувор соҳалари хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

«Жаҳон» АА.
Лондон

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn