Сифат янада яхшиланди
  • 06 Ноябрь 2014

Сифат янада яхшиланди

Жорий йилда “Гулистон экстракт-ёғ” акциядорлик жамиятининг бир неча цехларида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Натижада маҳсулот сифати яхшиланиб, корхонанинг тўлиқ қувват билан ишлаши таъминланди.

Хусусан, аввал пресслаш цехининг ҳар бир ускунаси ёрдамида кунига 50-60 тонна атрофидаги хом ашё қайта ишланар эди. Ушбу линиядаги мавжуд ускуналарнинг барчасида эҳтиёт қисмлар янгилангач, юқоридаги кўрсаткич 70-80 тоннага етди.
Айни чоғда пресслашдан сўнг пайдо бўладиган кунжара таркибида қолган ёғни ажратиб оладиган экстракция цехи ҳам тубдан реконструкция қилинди. Пировардида чигитдан озиқ-овқат маҳсулоти тайёрлаш ҳажми сезиларли даражада оширилди.
— Ушбу мақсадлар учун 457 миллион сўмликдан зиёд маблағ йўналтирилди, — дейди жамият техника бўлими бошлиғи Абдувоҳид Эшонхонов. — Тез орада қадоқлаш цехимизда ҳам янгиланиш жараёни тугатилади. Бу ерга 180 миллион сўмлик замонавий ускуналар ўрнатилгач, маҳсулотимизни турли ҳажмдаги бежирим идишларга қуйиш имконияти яратилади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn