Она замин неъматлари
  • 05 Ноябрь 2014

Она замин неъматлари

аҳолига қиш мавсумида узлуксиз етказиб берилишида замонавий технологиялар муҳим аҳамият касб этади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойи якунларига бағишланган мажлисида қайд этилганидек, ўтган давр ичида мамлакатимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоиз ўсди. Бу, аввало, соҳага илғор технологияларнинг изчил татбиқ этилаётгани, унинг ривожи йўлида истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани самарасидир.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда республикамиз аграр тармоғида улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Кўрилаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар туфайли аҳоли қиш ва баҳор фаслларида ҳам сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминланаётгани, айниқса, диққатга сазовордир. Бу борада, хусусан, Хоразм вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Гап шундаки, жорий йилда вилоят бўйича жами 29 минг 300 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш белгиланган эди. Шу кунгача унинг 18 минг тоннадан ортиғи омборхоналарга жойлаштирилди. Бунинг учун 502 та омборхона ва 32 та замонавий совутқичли сиғим шай ҳолатга келтирилгани айни муддао бўлган бўлса, маҳсулотларни захирага тўплаш тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказишда эса жойларда махсус штаблар ташкил этилгани қўл келаётир. Қолаверса, тайёрловчи корхоналар ва етказиб берувчилар ўртасида тузилган 4574 та шартномага кўра, фермер хўжаликларига 8,1 миллиард сўм миқдорида бўнак пуллари берилгани ҳам ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
Умуман, сўнгги пайтларда вилоятда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани амалда ўз самарасини кўрсатмоқда. Масалан, Боғот туманидаги “Бахт-ҳаракат меваси” масъулияти чекланган жамиятида дастлаб 500 тоннали совутқичли омборхона қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Бироқ тадбиркор Бахтиёр Матёқубов ички бозор талабидан келиб чиққан ҳолда, шу йилнинг ёзида банкнинг 3 миллиард сўмлик кредити эвазига яна минг тонна сиғимга эга ана шундай омборхонани бунёд этди. Ҳозир улар асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, сархил мевалар билан лиқ тўла. Жамғарилган бу маҳсулотлар эса қиш ва баҳорда аҳоли дастурхонини безаб, хонадонларга файзу барака бағишлаши, шубҳасиз.
Шиддат билан тараққий этаётган бугунги давр бошқа соҳа вакиллари каби тадбиркорлардан ҳам доимий изланишни, янгиликларни мунтазам равишда татбиқ қилишни талаб этади. Акс ҳолда, у соғлом рақобат шароитида ютқазиб қўйиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, корхона жамоаси жорий йилда яна бир лойиҳани амалга оширди. Яъни мева-сабзавотларни тартибли жойлаштириш ва харидорларга сархил ҳолатда етказиб бериш мақсадида кичик бизнес субъекти қошида пластмасса қутилар ишлаб чиқарувчи цех ишга туширилди. Айни пайтда бу ерда кунига 1,5 минг дона маҳсулот тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, жамият мутасаддилари келгусида ўзларига ажратилган майдонда замонавий иссиқхона ва мева-сабзавотлардан сервитамин шарбат тайёрланувчи мажмуани барпо этишни мўлжалламоқда. Бунинг учун эса имконият ҳам, шарт-шароит ҳам етарли.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn