«ЕвроОсиё — Тошкент»
  • 05 Ноябрь 2014

«ЕвроОсиё — Тошкент»

Кеча пойтахтимизда шу ном остида биринчи Тошкент халқаро паррандачилик форуми иш бошлади. Мазкур йирик тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан республика Менежерлар ва “Паррандасаноат” уюшмалари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Шайхов, “Паррандасаноат” уюшмаси раиси А. Исабоев ва бошқалар мамлакатимизда паррандачиликка қаратилаётган эътибор, тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар натижасида у қисқа давр ичида қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланганини алоҳида таъкидладилар. 
Дарҳақиқат, юртимизда паррандачилик маҳсулотлари етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажми йил сайин ортаяпти. Бу ички бозорни юқори сифатли тухум, парҳез гўшт ҳамда импорт ўрнини босувчи бошқа маҳсулотлар билан тўлдириш имконини бераётир. Биргина жорий йилнинг тўққиз ойида тижорат банклари томонидан паррандачилик хўжаликларини ташкил этиш учун 85,5 миллиард сўмлик кредит ажратилгани, тармоқда 788 та истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилгани туфайли қўшимча равишда 10,3 миллион дона товуқ парваришлашга эришилди. Тухум етиштириш ҳажми эса 12,3 фоиз ўсди.
Илк бор ўтказилаётган форумда республикамизда паррандачилик саноатини янада ривожлантириш, унга хорижнинг замонавий технология ва ускуналарини кенгроқ жалб этиш, ветеринария воситалари етказиб бериш, энг асосийси, ҳамкорликда замонавий минитехнологиялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди. Унинг ишида Германия, Бельгия, Голландия, Италия, Хитой, Эрон ва бошқа хорижий давлатларнинг 200 га яқин корхона ҳамда компаниялари вакиллари иштирок этаётгани бунинг учун қулай шарт-шароит вужудга келганидан далолат бермоқда.
— Биз Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, — дейди “Big Dutchman” (Германия) компаниясининг Марказий Осиё давлатлари бўйича савдо директори Виктор Галле. — Шу боис юртингизда паррандачилик тармоғи жадал ривожланиб бораётганидан хабардормиз. Бизнинг компаниямиз тармоқ корхоналари учун ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, маҳсулотимизни Ўзбекистон бозорига дастлаб 2008 йилда олиб кирган эдик. Ўтган давр ичида алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ишларида
фаол қатнашаяпмиз. Бундай лойиҳалар давлатингиз томонидан қўллаб-қувватланиб, имтиёзли кредит маблағлари билан таъминланаётгани, айниқса, эътиборга лойиқ. Мазкур тадбир эса ўзбекистонлик ҳамкасблар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, янги ҳамкорлар топишимизга хизмат қилади, албатта.      
Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, ички ва ташқи бозорда паррандачилик маҳсулотларига бўлган талаб тобора ошиб бораяпти. Бу, ўз навбатида, экологик тоза ва юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини муттасил кўпайтиришни тақозо қилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистонда махсус дастур асосида ҳар йили юзлаб паррандачилик хўжаликлари ташкил этилаётгани, парҳез гўштни қайта ишлашга ихтисослаштирилган саноат корхоналари фойдаланишга топширилаётгани диққатга сазовордир.
Уч кун давом этадиган форум доирасида паррандачиликда самарали фаолият юритиш, омихта ем, ветеринария маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда тармоққа замонавий технологияларни жорий этиш каби долзарб мавзуларда давра суҳбатлари, тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn