Самарали мулоқотлар, салмоқли натижалар
  • 04 Ноябрь 2014

Самарали мулоқотлар, салмоқли натижалар

Ўтган бир ҳафта мобайнида пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуи ҳар қачонгидан гавжум бўлди.

Сабаби, VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида бу ерда йиғилган саноатчиларимиз нафақат мамлакатимиз иқтисодиётида рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлиб, ўзаро тажриба алмашди, балки ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кўплаб келишувларга эришдилар. Шу маънода, мазкур тадбирни мулоқотлар ва келишувлар майдонига айланди, десак, асло муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 февралдаги “2014 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкиллаштириш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида уюштирилган жорий йилги тадбирда автомобилсозлик, транспорт-коммуникация, энергетика, кимё, геология, қурилиш, матбаа, қайта ишлаш, фармацевтика сингари иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқлари вакиллари, шунингдек, хорижий фирма ва компаниялар мутахассислари фаол иштирок этди.
— Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур анжуман тизимимиз корхоналари фаолиятини ривожлантиришда айни муддао бўлмоқда, — дейди “Ўзфармсаноат” давлат-акциядорлик компаниясининг ишлаб чиқариш ва маҳаллий лойиҳаларини амалга ошириш бўлими мутахассиси Муяссар Исмоилова. — Масалан,  ўтган вақт ичида тармоқларнинг ўзаро кооперацияси кенгайиши натижасида дори воситалари тайёрлаш учун хом ашё ва материаллар етказиб берувчи корхоналаримиз 17 тадан 55 тага кўпайди. Улар томонидан имзоланган шартномалар эса 25 тадан 50 тага етди.
Эътиборли жиҳати, ҳозирги кунда мамлакатимиз фармацевтика бозорида маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг улуши 43 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, йилига 105  миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни тежаш имконини беради.
Шу билан бирга, эндиликда юртимизда тайёрланган дори-дармон маҳсулотларига хориж давлатларида ҳам талаб тобора ортмоқда. Бу йилги ярмарка давомида ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан хом ашё сотиб олиш бўйича 26 миллиард 700 миллион сўмлик 37 та, экспорт бўйича 10 миллион 700 минг долларлик 10 та шартнома имзолангани бунинг яққол тасдиғидир. 
Иштирокчиларнинг қайд этишича, ярмаркада тегишли вазирлик ва идоралар, суғурта компаниялари, банклар, стандартлаштириш, сертификатлаш соҳаларига ихтисослаштирилган ташкилотларнинг стендлари ташкил этилиб, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказилгани, айниқса, тадбирнинг янада самарали кечишида муҳим омил бўлди. 
— Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ҳар йили иштирок этаяпмиз, — дейди Навоий шаҳридаги “Тизол-Н” масъулияти чекланган жамияти директорининг ўринбосари Зиёдилла Ражабов. — Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, “Навоийазот” акциядорлик жамияти, Навоий кон-металлургия комбинати каби ҳамкорларимиз билан  ҳам ушбу тадбир сабаб алоқа ўрнатганмиз.  Гап шундаки, корхонамиз базальт тошидан тола ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, ундан очиқ майдонлардаги қувурларни, шифт ва деворларни иситиш ёки ҳароратни мўътадил сақлаш  мақсадида фойдаланилади. Маҳсулотимиз арзон ва сифатли бўлгани учун сўнгги пайтларда кичик бизнес субъектлари, иссиқхона хўжаликлари ҳам унга қизиқиш билдираяпти. Ярмарка асносида улар билан 846 миллион сўмлик 12 та шартнома имзолашга эришганимиз ана шундан далолатдир.
— Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ишлаб чиқарувчиларга ўзларининг янги маҳсулотларини харидорларга таништириш учун қўшимча имкониятлар яратди, — дейди “Пастдарғом баракали савдо” масъулияти чекланган жамияти директорининг ўринбосари Самад Санақулов. — Тадбир асносида  шунга амин бўлдимки, юртимизда маиший техника воситалари ишлаб чиқариш саноати жадал тараққий этмоқда. Жумладан, “Artel”, “Roison”, “Sino” сингари корхоналаримизда маҳсулот турлари аввалги  йиллардагига нисбатан  анча ортгани,  дизайни ҳам ҳар қандай харидорни ўзига жалб этаётгани диққатга сазовор. Шу боис ушбу корхоналар билан маҳсулот харид қилиш бўйича 600 миллион сўмликдан зиёд келишувга эришдик.
Мухтасар айтганда, VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш баробарида, иқтисодиётимизни янада юксалтиришга хизмат қилади. Якунда иштирокчилар маҳсулот сотиб олиш бўйича ўтган йилдагига нисбатан қарийб 1,4 баробар, экспорт борасида 1,1 баробар кўп шартномалар имзолагани бунга мисол бўла олади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn