Ўзбекистондаги солиқ солиш соҳаси жаҳон рейтингида 61 поғона кўтарилди
  • 04 Ноябрь 2014

Ўзбекистондаги солиқ солиш соҳаси жаҳон рейтингида 61 поғона кўтарилди

Жаҳонда глобал иқтисодий муаммолар чуқурлашиб бораётган ҳозирги мураккаб бир шароитда Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик таъминланиб, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларига эришилмоқда.

Бу  давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинаётган ҳаётий дастурларнинг изчил амалга оширилаётгани натижасидир. Бюджет ва солиқ соҳаларининг эркинлаштирилиши эса қўлга киритилаётган ютуқларни янада мустаҳкамламоқда.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида аҳоли реал даромадлари ўсишига кўмаклашадиган, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга асос бўлиб хизмат қиладиган кенг кўламли солиқ ислоҳотлари амалга оширилди. Бу жараёнда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлашда солиқ юкини босқичма-босқич пасайтириш устувор йўналиш этиб белгиланди.
Агар 1991 йилда солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 41,2 фоиздан иборат бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич қарийб икки баробар камайиб, 20,8 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, кўплаб мамлакатларда корхона ва муассасалар фойдасидан олинадиган солиқ ставкаси ўртача 12,5–39,5 фоизни ташкил қилаётган айни пайтда Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1995 — 2014 йиллар мобайнида 38 фоиздан 8 фоизга туширилгани алоҳида эътиборга моликдир.
Солиқ ставкаларининг оптималлаштирилгани давлат бюджети даромадлари таркибида ҳам муҳим сифат ўзгаришларига сабаб бўлмоқда. Корхоналар фойдасидан олинадиган солиқлар улушининг босқичма-босқич пасайтирилиши, ресурсларга солинаётган солиқлар улушининг оширилиши улар орасида энг муҳимидир. Бу ҳолат сармоявий фаолиятнинг фаоллашиши учун қулай шарт-шароитлар яратиши билан бирга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантиради. 
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишда муҳим бурилиш ясади, десак, муболаға бўлмайди. Боиси, бу ҳужжат асосида бугунги кун талабларига мос келмайдиган лицензия ва рухсат бериш тартиби, статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботлари кескин қисқартирилди. Жумладан, 2012 йил июль ойидан давлат органлари ва хўжалик бошқарувлари томонидан доимий равишда талаб қилиб келинаётган эллик турдаги ҳисобот, 2012 йил 1 августдан рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомил бекор қилинди. Бундан ташқари, айрим ҳисобот шакллари бирлаштирилди.
Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эса тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг эркинлигини таъминлаш  борасида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатлари ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилди.
Юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, бизнесни ташкил этиш ва уни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Яқинда Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси “Бизнесни юритиш 2015: самарадорлик доирасидан чиқиб” (Doing Business 2015: Going Beyond Efficiency) номли навбатдаги йиллик маърузасини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон қулай ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари бўйича жаҳоннинг 189 та давлати орасида охирги бир йил мобайнида 8 поғона кўтарилиб, 141-ўринни эгаллади.
Таъкидлаш жоиз, ҳисобот даврида юртимизда энг сезиларли даражада яхшиланган соҳа — солиқ солиш соҳаси бўлиб, Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича рейтингда ўтган йилдаги 179-ўриндан 118-ўринга, яъни 61 поғона юқорилади.
Бу мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароит яратиш, ишбилармонларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий тасдиғидир. Зеро, тадбиркорлик ҳаракати учун берилаётган қўшимча имтиёз ва преференциялар унинг иқтисодиётимизда тутган мавқеи тобора мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,
Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn