Енгил саноат: Юксалишнинг жадал суръатлари
  • 01 Ноябрь 2014

Енгил саноат: Юксалишнинг жадал суръатлари

Бугун Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, мамлакатимиз саноати жадал суръатларда ривожланиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти тобора юксалиб бораётган замонавий давлат сифатида эътироф этилмоқда. Сабаби, истиқлол йилларида юртимизда саноатнинг барча йўналиши, айниқса, юқори технологияларга асосланган тармоқлари муттасил равнақ топаётир.

Буни саноат таркибида юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаётган қайта ишлаш тармоқларининг ўрни тобора ортиб бораётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Яъни ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 78 фоизидан ортиғи айнан ана шу тармоқлар ҳиссасига тўғри келаяпти.
Тарихан жуда қисқа давр ичида қўлга киритилган бундай қувончли натижалар халқаро миқёсда юксак баҳоланаётгани, айниқса, қувонарлидир. Узоққа бормайлик, яқинда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш бўйича янги рейтингига кўра, Ўзбекистон миллий валютанинг харид қобилияти паритетига асосан ҳисоблаб чиқилган ялпи ички маҳсулот ҳажми борасида дунёнинг 190 давлати орасида 66-ўринни эгаллади. Бундан англашиладики, кейинги йилларда республикамиз ушбу кўрсаткич бўйича 6 поғона юқорилаган.
Экспертларнинг таъкидлашича, қўлга киритилган ана шу ютуқлар замирида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинган Ўзбекистоннинг ўзига хос ва мос тараққиёт йўли — “ўзбек модели” мужассам бўлиб, унинг тамойиллари асосида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётнинг барча тармоғи, айниқса, саноатда барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда.

Тармоқнинг янги босқичи
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўнинчи бор ўтказилган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси мамлакатимиз саноатининг асосий йўналишларидан бири бўлмиш енгил саноат ютуқларининг чинакам намойишига айланди, десак, асло муболаға эмас. Гап шундаки,
ушбу нуфузли тадбирда жаҳоннинг 50 га яқин мамлакатидан ташриф буюрган 1000 дан зиёд компаниялар намояндалари билан суҳбатлашганимизда, уларнинг барчаси Ўзбекистон саноати барқарор ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлганини эътироф этди.
Айни чоғда савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш ниятида эканликларини билдиришди.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси қошидаги “Шарқ либослари” дизайнерлик маркази ҳамда “Осиё рамзи” модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси томонидан яратилган либослар, шунингдек, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турфа хилдаги кийим-кечаклар табиий матодан тикилгани, юқори сифати, бежирим дизайни билан хорижлик мутахассисларни мафтун қилди. Натижада ярмарка доирасида умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари савдоси бўйича шартномалар имзоланди.
Очиғи, бундай кўрсаткичга осонликча эришилгани йўқ. Яқин ўтмишда, аниқроғи, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Ўзбекистон кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, яъни қолоқ аграр республика эди. Ўша пайтларда етиштирилаётган пахтанинг атиги 7 фоизи ўзимизда, қолган қисми эса бошқа давлатларда қайта ишланарди. Охир-оқибатда бундан, асосан, пахта хом ашёсини қайта ишлаган мамлакатлар наф кўрди. Бугун-чи?!
Давлатимиз томонидан мазкур тизимни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли у мустақиллик йилларида сифат жиҳатидан бутунлай юқори босқичга кўтарилди. Бу жараёнда, айтиш мумкинки, соҳага ички инвестициялардан ташқари, катта миқдорда хориж сармояси жалб этилиб, йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани муҳим омил бўлди. Зотан, кейинги йилларда чет эллик сармоядорлар иштирокида замонавий ускуналар билан жиҳозланган кўплаб тўқувчилик ва тикувчилик корхоналари ишга туширилди.
Бунинг учун, эътибор қаратинг-а, истиқлол йилларида 1,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида хориж инвестицияси ўзлаштирилиб, 150 дан зиёд лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Пировардида енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Бугунги кунда заминимизда етиштирилаётган пахта хом ашёсининг 44 фоизи ўзимизда қайта ишланаётгани ана шундан далолат беради.

Экспорт 110 баробар ўсди
Хом ашёни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Шу мақсадда ҳар йили ўнлаб янги қувватлар фойдаланишга топширилаяпти. Бугунги кунда республикамизда 3000 та енгил саноат корхонаси рўйхатга олинган бўлса, шундан 300 таси “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси тизимида бирлашгандир.
Компания тасарруфидаги корхоналар йилига 450 минг тонна калава ип, 160 миллион погон метр газлама, 60 минг тонна трикотаж мато, 180 миллион донадан зиёд тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Улар нафақат ички бозорни юқори сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдираяпти, балки катта ҳажмда экспорт амалиётларини ҳам бажараяпти. Мустақиллик йилларида мазкур тизимда 21,3 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари, шу жумладан, 4,9 триллион сўмлик истеъмол товарлари тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилгани бунга мисол бўла олади.
— Юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотларига хорижда ҳам талаб тобора ортиб бораяпти, — дейди “Ўзбекенгилсаноат” ДАК бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аваз Муҳиддинов. — Негаки, ўзбек пахта толасидан тайёрланаётган халқ истеъмоли моллари ўзининг табиийлиги, юқори сифати билан ажралиб туради. Шунинг учун дунё бозорида унга эҳтиёж глобал инқироз даврида ҳам пасаймади. Аксинча, экспорт ҳажми йил сайин ошиб, истиқлол йилларида 110 баробар ўсди. Ҳозирги кунда эса эркаклар, аёллар ва болаларнинг турфа либослари, спорт кийимлари, шунингдек, яримтайёр маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди билан дунёнинг 45 дан зиёд мамлакатларига чиқарилаяпти.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори тўқимачилик саноати тараққиётида янги саҳифа очди. Зеро, ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспортда тайёр ва яримтайёр тўқимачилик маҳсулотларининг улуши кўпайишида муҳим омил бўлаётир. 2014 йилда экспорт ҳажми 1 миллиард АҚШ долларига етиши кутилаётгани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Қулай инвестициявий муҳит меваси
Ишлаб чиқариш кўламининг кенгайиши ва экспорт кўрсаткичларининг йил сайин ортишида, хусусан, янги қувватларнинг ҳиссаси катта бўлаётир. Масалан, охирги икки йилда 64 та саноат корхонаси фойдаланишга топширилгач, 11 мингта иш ўрни очилиб, қўшимча равишда 215,8 миллион АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилиш имконияти вужудга келди. Бу ишлаб чиқариш субъектларининг аксарияти чет эл сармояси иштирокида бунёд этилгани диққатга сазовордир.
— Одатда, чет эл инвестицияси иқтисодиёти ривожланиб бораётган, тадбиркорлик ҳаракати давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган, ишбилармонлар манфаатлари миллий қонунчиликда ўз аксини топган давлатларгагина йўналтирилади, — дейди “Ўзбекенгилсаноат” ДАК Ташқи алоқалар ва инвестициявий лойиҳалар мониторинги бошқармаси бош мутахассиси Шоҳруҳ Раҳимов. — Ўзбекистонда ана шундай шарт-шароит — қулай инвестициявий муҳитнинг мавжудлиги дунё тўқимачилик саноати етакчиларини ўзига жалб этаяпти. Натижада АҚШ, Германия, Швейцария, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳиндистон каби давлатлар ҳамкорлигида пахта хом ашёсини қайта ишловчи 150 дан зиёд қўшма ва хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга асос солинди. Биргина мустақиллигимизнинг 23 йиллик шодиёналари арафасида эса 73 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилган ҳолда, яна 22 та замонавий лойиҳа амалга оширилди.
Юқори Чирчиқ туманидаги “Textile Technology Group” хорижий корхонасининг иккинчи навбати — шулардан бири. Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг биринчи босқичи ўтган йил охирида ишга туширилиб, “Трючлер”, “Марцолли”, “Тойота”, “Шлафхорст” сингари компанияларнинг энг замонавий дастгоҳлари ёрдамида халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бошланган эди. Пировардида жуда қисқа фурсат ичида корхона ташқи бозорда ўз ўрнини топишга муваффақ бўлди. Тайёрланаётган маҳсулотларнинг 80 фоизи чет эллик харидорларга етказиб берилаётгани бунинг тасдиғидир.
Корхонанинг иккинчи босқичи доирасида эса хом ашёни чуқур қайта ишлаш эвазига йилига 7,5 миллион квадрат метр газлама ҳамда 5 миллион дона тикувчилик маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти яратилди.
Корхона раҳбари Элдор Абдурашитовнинг айтишича, яна 50 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган. Бу — қўшимча тўқимачилик ҳамда бўяш цехлари ишга туширилади, дегани.

Тўқимачилик машинасозлигининг шахдам қадамлари
Қайси соҳа бўлмасин, ҳеч шубҳасиз, унинг истиқболини замонавий технологиялар, юқори унумли ускуналарсиз тасаввур этиш мушкул. Айниқса, тўқимачилик саноатида корхоналарни мунтазам равишда техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилмасдан туриб, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот чиқаришнинг иложи йўқ. Юртимизда масаланинг шу жиҳати инобатга олиниб, тўқимачилик машинасозлигини ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол. Президентимизнинг 2011 йил 21 февралдаги замонавий тўқимачилик асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича чора-тадбирларга доир қарори ушбу йўналишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Бу ҳужжатга асосан, Тошкент шаҳрида “Rieter Uzbekistan” корхонаси ташкил этилди. Мазкур йирик лойиҳа Швейцариянинг жаҳон бозорига тўқимачилик машиналари ва асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича етакчи брендларидан бири — “Rieter AG” компанияси ҳамкорлигида рўёбга чиқарилди.
Корхонада илк босқич доирасида тараш ва пилталаш машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, эндиликда йигириш машиналари ҳам йиғилмоқда. Дастлабки натижаларга қараганда, мазкур замонавий ускуналар турдошларига нисбатан устунки, бу Ўзбекистон тўқимачилик машинасозлиги ҳам жаҳонда шуҳрат қозонаётганидан нишонадир.
Айни пайтда лойиҳанинг кейинги босқичлари устида ҳам қизғин иш олиб борилаяпти. Мутахассисларнинг фикрича, “Rieter Uzbekistan” республикамиз тўқимачилик машинасозлигида қўйилган шахдам қадам бўлиб, у саноатимизнинг гуркураб ривожланишига, экспорт салоҳиятининг юксалишига хизмат қилиши муқаррар.
Қисқаси, мамлакатимизда пухта ўйланган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши нафақат енгил саноат тармоғининг жадал ривожланишини, балки иқтисодиётимиз тобора мустаҳкамланишини таъминлаяпти. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугун бир фикрни ҳеч иккиланмасдан, тўла ишонч билан айтишимиз мумкин: Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хом ашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий саноат тармоғига эга бўлган, жадал тараққий этаётган мамлакатга айланди”.


Икром ЎТБОСАРОВ,
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn