Хизматлар тури кўпаймоқда
  • 08 Февраль 2014

Хизматлар тури кўпаймоқда

Бу эса янги иш ўринлари ортишини таъминлаяпти.

Сурхондарё вилоятида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида муайян ютуқларга эришилаётгани бу йўналишнинг кенг имкониятларидан, порлоқ истиқболидан дарак бериб турибди. “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида умумий қиймати 48,4 миллион долларлик 675 та лойиҳа амалга оширилиб, 6663 та янги иш ўрни яратилгани бунинг исботидир.
Хусусан, ўтган йили Термиз шаҳридаги “Silk Road Trans” масъулияти чекланган жамиятида логистика маркази ишга туширилиши ҳисобига 50 нафар, Бойсун туманидаги “Сурхон-Ангор техсервис” масъулияти чекланган жамиятида метан гази қуйиш шохобчаси фойдаланишга топширилиши муносабати билан 54, Денов туманидаги “Денов Фавворит барака” масъулияти чекланган жамиятида маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва тўйхона иш бошлаши эвазига 40 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Вилоят бўйича 2013 йили  аҳолига 2228,0 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, белгиланган режа 118,0 фоизга бажарилди.
— Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, иқтисодиёт равнақ топган сари хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига бўлган талаб ҳам ортаверади. Бугунги кунда вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг узвий бўлаги бўлмиш мазкур тармоқдаги янгиланиш ва ўзгаришлар бунинг яққол тасдиғидир, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов. — Жумладан, туман марказлари ва қишлоқларда 123 та чакана савдо, 49 та умумий овқатланиш корхонаси, 37 та маиший хизмат кўрсатиш маркази, 8 та гузар, 2 та суғурта бўлими, 439 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилди.
Дарҳақиқат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси нафақат шаҳарларда, балки туман ва қишлоқларда ҳам жадал равнақ топиб бораяпти. Сабаби оддий: соҳа аҳолининг ҳаётий заруратларини қондиришнинг замонавий таклифларини ўзида мужассамлаштирган. Шу ўринда Шеробод туманида тўпланган тажриба алоҳида эътиборга молик. Чунончи, ўтган йил давомида туманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 1149 минг доллар миқдоридаги банк кредитлари, 1081 минг долларлик тадбиркорлар маблағлари йўналтирилиб, қиймати 2229,5 миллион сўмлик 42 та лойиҳа амалга оширилди. Пировардида қарийб 700 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Айниқса, коллежларнинг битирувчилари бандлигини таъминлаш юзасидан мазкур туманда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Гап шундаки, тадбиркор Нилуфар Шоймуродова 70 миллион сўм эвазига “Зарабоғ” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини очиб, маҳалла ёшларидан 15, тадбиркор Холи Луков ўалаба маҳалласида маиший хизмат ҳамда транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш шохобчасини ишга тушириб, 12 нафарини доимий иш билан таъминлади.
Қисқача айтганда, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси йил сайин изчил ривожланмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилаётир.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Электрон ҳисобот Илғор тажриба — амалиётга »