Рангли металлургия саноати истиқболи
  • 23 Октябрь 2014

Рангли металлургия саноати истиқболи

янги ва замонавий корхоналар фаолиятида акс этмоқда

Бир вақтлар маҳобатли кўмир конлари билангина машҳур бўлган Ангрен бугун янги тараққиёт ва имкониятлар шаҳрига айланди. Кейинги йилларда ҳудудда саноатнинг барча тармоғини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти.
Ҳудудда тўқимачилик, қурилиш, энергетика, машинасозлик, озиқ-овқат ва мебель саноати жадал ривожланмоқда. Иқтисодиётимизнинг қон томири бўлган тоғ-кон ва металлургия саноати юксалиш сари юз тутмоқда.
Бу ҳақда гап кетганда, Президентимизнинг 2012 йил 13 апрелдаги “Ангрен” махсус индустриал зонасини ташкил этиш тўғисида”ги Фармонини алоҳида тилга олиш жоиз. Нафақат ҳудуд, балки мамлакатимиз иқтисодиёти равнақида беқиёс ўрин тутаётган мазкур муҳим ҳужжат воҳадаги кўплаб ижтимоий масалаларни ижобий ҳал этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини юксалтириш баробарида, мукаммал инфратузилма, транспорт-коммуникация тизимини ривожлантиришда янги имкониятлар эшигини очаётир. Индустриал зонада маҳаллий ва хорижий сармоялар иштирокида бир қатор йирик ва истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани ана шундан далолатдир.
Унитар корхона шаклидаги Ангрен қувур заводи шулардан биридир. Лойиҳа қиймати 35 миллион 480 минг АҚШ долларига тенг бўлган мазкур йирик тузилма “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан таъсис этилди. Унинг фаолият бошлаши билан мамлакатимизда илк бор мис қувурлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Бугун дунёда маиший техника саноати, коммуникация соҳалари ривожини бундай ноёб ва қимматбаҳо ашёларсиз сира тасаввур қилиб бўлмайди. Юртимизда ҳам автомобилсозлик, электр техника моллари, уй-рўзғор анжомлари ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошиб бораётгани, завод маҳсулотларининг асосий қисми, аниқроғи, 85 фоизи экспортга мўлжаллангани лойиҳа нечоғли истиқболли эканлигидан далолат беради.
Мис қувурлар ўзининг барқарор ўтказувчанлиги, емирилмаслиги, кимёвий моддаларга, шунингдек, ҳар қандай ҳарорат ва ташқи таъсирларга чидамлилиги билан муқобилларидан устун туради. Масалан, замонавий иситиш қозонлари, кондиционерлар, музлаткичларнинг асосини ташкил этувчи ички тизимларини йиғишда мисдан тайёрланган ашёлардан кенг фойдаланилиши шундан.
Айни пайтда 200 дан ортиқ киши меҳнат қилаётган заводда йилига 8 минг тонна маҳсулот тайёрлаш имконияти мавжуд. Ҳозирча бу ерда ташқи бозор талабларига мувофиқ, диаметри 4 миллиметрдан 29 миллиметргача бўлган мис қувурлар ишлаб чиқарилаётир.
Жамоа меҳнатини, таъбир жоиз бўлса, заргарнинг заҳматига менгзаш мумкин. Негаки, бу ерга Олмалиқдан келтирилаётган йирик ва дағал мис бўлаклари бамисли қон томирларидек нозик ва ингичка қувурларга айлангунигача бир неча оғир технологик жараёнлардан ўтади. Шунга қарамай, олий ва ўрта махсус таълим масканларини битириб келган корхона ёшлари хорижнинг мураккаб технологик ускуналарини моҳирона бошқармоқда.
Цех устаси Баҳром Маҳмудов — қисқа фурсатда ўз ишининг сир-асрорларини пухта эгаллаб олган ёшлардан бири. У ўтган йили Тошкент давлат техника университетини металлургия йўналиши бўйича тамомлаб қайтди.
— Ўқишни битиргач, албатта, ишлаб чиқариш соҳасида тажриба орттираман, деб мақсад қилгандим, — дейди Баҳром. — Ниятимнинг холислигини қаранг, диплом қўлга теккунча шаҳримизда бевосита ўз соҳам билан боғлиқ бўлган шундай муҳташам корхона қад ростлади. Ҳеч иккиланмасдан, шу ерга ишга келдим. Янглишмаган эканман. Бу ер менга катта мактаб вазифасини ўтаяпти. Чунки олий ўқув юртида олган назарий билимларимни кўпни кўрган устозлар кўмагида мустаҳкамлаб бораяпман.
Қувонарлиси, корхонанинг Ҳамид Жумабоев, Абдурасул Баҳоров, Бекзод Газиев каби ўнлаб ёш мутахассислари ўз келажагини худди шу корхона истиқболи билан боғлашган.
Ангреннинг мис қувурлари ҳозир, асосан, Европага экспорт қилинмоқда. Бундан ташқари, уларга Шарқ мамлакатлари, шунингдек, қўшни давлатлардан ҳам қизиқиш билдирилаяпти. Энг муҳими, юртимиздаги маиший техника ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам импортдан воз кечиб, нисбатан арзон ва сифатли бўлган маҳаллий маҳсулотга харидор бўлмоқда. Бу, турган гапки, улар учун ҳам катта иқтисодий наф келтираяпти.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn