Илғор технологиялар — саноат тармоқларига
  • 22 Октябрь 2014

Илғор технологиялар — саноат тармоқларига

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Марказий Осиё саноат ҳафталиги — Central Asian Industrial Week — 2014” халқаро тармоқлараро форуми ўз ишини бошлади.

Мамлакатимиз иқтисодиёт тизимида энг муҳим тадбирлар сирасига кирадиган ушбу йирик саноат форуми бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган тармоқларни қамраб олгани ғоятда аҳамиятлидир. Булар кон-металлургия, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, йўлсозлик, кимё ва пластмасса саноати, шунингдек, полиграфия ва қадоқлаш соҳаси бўлиб, айтиш мумкинки, уларни якдил мақсад бирлаштирди.
У ҳам бўлса, энг замонавий саноат ускуналари, технологиялари ва технологик ишланмаларини кенг намойиш қилиш, истиқболдаги йўналишларни белгилаб олиш, энг асосийси, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро тажриба алмашишига кенг йўл очишдир. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонимизнинг иқтисодий тараққиётини жадаллаштириш, саноат тармоқларида янги уфқларни очишга хизмат қилади. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан соҳа мутахассислари томонидан айни шу жиҳат алоҳида қайд этилди.
Дарҳақиқат, юртимизда саноатнинг барча тармоқлари жадал ривожланиб, ички бозор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилаяпти, шу билан бирга, экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотларининг тури муттасил равишда кўпаймоқда. Бугунги кунда биргина Марказий Осиё машинасозлик маҳсулотларининг қарийб учдан икки қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётгани бунинг яққол далилидир. Халқаро экспертлар буни давлат томонидан саноатга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажмининг юқорилиги, йирик лойиҳалар ижроси ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани билан изоҳлашмоқда.
Чиндан ҳам, саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш республикамизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқди. Айтайлик, бу ҳужжатнинг ижроси доирасида умумий қиймати 10,9 миллиард АҚШ долларилик 158 та истиқболли инвестиция лойиҳасининг босқичма-босқич амалга оширилиши туфайли саноатда ишлаб чиқариш ҳажми 2015 йилда 11,8 фоизга етиши кутилаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида бизда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, материаллар ва бутловчи қисмларни юртимизга олиб кириш 2016 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилингани, шунингдек, тадбиркорлар учун яна кўплаб имтиёзлар бериш кўзда тутилгани жаҳондаги йирик техника ва технологиялар ишлаб чиқарувчиларининг қизиқишини тобора оширмоқда. Халқаро кўргазмаларнинг бирлашган экспозициясида 20 га яқин давлатнинг 100 дан ортиқ компаниялари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этаётгани шундай дейишимизга асос бўла олади. Улар орасида Австрия, Буюк Британия, Германия, Италия, Хитой, Нидерландия, Янги Зеландия, Польша, Беларусь Республикаси, Финляндия, Чехия, Швейцария, Швеция, Жанубий Кореянинг дунёга машҳур компания ва корхоналари бор.
— Бизнинг компаниямиз кон-металлургия, йўлсозлик ва кимё саноати учун майдалаш-саралаш ҳамда тегирмонлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, — дейди Шанхай машинасозлик компаниясининг вице- президенти Чжиуян Сию. — Бу маҳсулотларнинг турдошларига нисбатан унумдорлиги ва самарадорлиги юқори бўлгани учун уларга ташқи бозорда талаб катта.   
Ҳафталик асносида мутахассислар эътиборига саноатнинг турли-туман тармоқлари учун сўнгги ишланмалар, замонавий ускуналар, технологиялар ва хизматларнинг охирги авлоди тақдим этилмоқда. Айниқса, “Тоғ-кон иши —  MiningWorld Uzbekistan — 2014”,  “Machinery Central Asia — 2014”, “Йўл қурилиши ва махсус техника — UzComak — 2014”, “Кимё саноати — Chemie Uzbekistan — 2014” ва “Пластмасса саноати — Plastex Uzbekistan — 2014” кўргазмалари мавзу жиҳатидан бир-бирини тўлдириб, иштирокчиларнинг тажриба алмашиш, ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш, турдош саноат вакиллари ўртасида узоқ муддатли истиқболли келишувларга эришиш учун қулай амалий муҳитни вужудга келтираётир.   
Ҳафталик дастурига илк бор киритилган “Полиграфия ва қадоқлаш — O‘zbekinprint — O‘zupack” халқаро кўргазмаси эса “Бизнес — бизнес ривожига” тамойилининг ёрқин ифодаси бўлди, десак, асло муболаға эмас. Гап шундаки, мазкур тадбир ўз маҳсулотини сифатли қадоқлаш ва қулай усулда тақдим этишни истовчи мутахассислар, саноат вакиллари, ишлаб чиқарувчилар, қўйингки, фаолияти қадоқлаш саноати билан бевосита боғлиқ бўлган соҳа вакиллари учун бирдек қизиқарли бўлмоқда. Зеро, полиграфия, босма хизматлар ва қадоқлаш ечимлари маҳсулотнинг чет элларда тақдим этилишида муҳим восита ҳисобланади.
Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзавтойўл” ва “Ўзкимёсаноат” давлат-акциядорлик компаниялари, Савдо-саноат палатаси кўмагида “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилди.
Таъкидлаш керакки, бу галги кўргазмалар ўз дастурининг ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб турибди. Хусусан, биринчи иш кунида Чехия Республикасининг ахборот-коммуникация технологиялари билан шуғулланувчи компания ва ташкилотларининг тақдимотлари, геология-қидирув ишларининг замонавий усуллари, тоғ-кон саноатидаги радиоалоқа технологиялари ривожининг истиқболлари ва бошқа долзарб мавзуларда халқаро конференция бўлиб ўтди.
“Марказий Осиё саноат ҳафталиги — Central Asian Industrial Week — 2014” форуми давом этмоқда.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ ва
Бахтиёр АКРАМОВ
олган суратлар

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn