Ишбилармонликни ривожлантириш — пировард мақсад
  • 10 Февраль 2014

Ишбилармонликни ривожлантириш — пировард мақсад

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Марказий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда палата томонидан “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, жорий йилги вазифалар белгилаб олинди.
Маълумки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари изчил ривожланиб, уларнинг иқтисодиётимизни юксалтиришдаги улуши тобора ортмоқда. Мазкур соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ички ва ташқи бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эса Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўтган йили тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган 2457 та режали ҳамда режадан ташқари текширувларда Палата мутахассислари иштирок этиб, судларга 708 миллиард 758 миллион сўмликдан ортиқ даъво аризалари киритилгани ана шундан далолат беради. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда, айниқса, “Тадбиркорлар куни”нинг мунтазам ташкил қилингани ўз самарасини кўрсатди. Чунки мурожаатларнинг аксарияти айнан ушбу тадбир асносида келиб тушган бўлиб, пировардида мавжуд муаммолар маҳаллий ҳокимлик ҳамда ваколатли органлар томонидан ҳал этилди. 
Бугунги тадбиркор —ички ва ташқи бозор талабларини чуқур ўрганиб, замон билан ҳамқадам иш юритишга интилаётган замонавий ишбилармон. Шуни ҳисобга олиб, Палата мутахассислари уларга ишончли ҳамкор излаш ёки янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалий чора-тадбирларни кўрмоқдалар. Бу эса соҳа вакилларининг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтираётир. Масалан, бевосита Палатанинг ташаббуси билан якунланган йилда юртимизга 100 га яқин хорижий делегацияларнинг ташрифи уюштирилди. Натижада жойларда хорижий сармоя иштирокида 26 та корхона ишга туширилди. 354 та корхонага эса минитехнологияларни харид қилиш учун 34,114 миллион АҚШ долларилик кўмак кўрсатилди. Шу билан бирга, ишбилармонларимиз Германия, Хитой,  АҚШ, Испания, Ҳиндистон, Россия, Тайвань сингари давлатларда бўлиб ўтган 41 халқаро ярмаркада қатнашиб, ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 111 келишувга эришдилар.
Бундан ташқари, республикамизда уюштирилган 97 та кўргазма ва кооперацион биржада фаол қатнашган 116 та корхона 108 миллион 513,27 минг АҚШ долларилик маҳсулотларини четга сотиш имкониятига эга бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 24 740 га яқин аъзога эга. Палата томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тушунтириш, солиқ ва божхона қонунчилиги, кредитлар олиш, бизнесни режалаштириш, ISO 9001, ISO 14000 ва “Кайзен” халқаро стандартларини жорий этиш мавзуларида семинарлар ташкил қилинаётгани, ўз навбатида, тадбиркорларнинг  хориж давлатларида бўлиб, тажриба тўплашларида муҳим аҳамият касб этаяпти. “SMS-TO`LOV”, “UzSAT” сингари интерактив хизматлар ва www.biznesinfo.uz ахборот порталининг жорий қилингани эса соҳа вакилларининг ишини енгиллаштирмоқда.
Тадбирда Палата фаолиятидаги ана шундай янгиликлар ҳақида сўз юритилиши баробарида, жорий йилги вазифалар, яъни оилавий бизнесни ташкил этиш истагидаги фуқароларни ўқитиш ишларини кенгайтириш, “Ягона ойна” шаклида хизмат кўрсатиш ҳамда электрон тижоратни ривожлантириш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш юзасидан фикрлар алмашилди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn