Ўзбек толаси: Юксак сифатнинг халқаро эътирофи
  • 15 Октябрь 2014

Ўзбек толаси: Юксак сифатнинг халқаро эътирофи

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Х Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ҳар томонлама самарали ўтиб, юртимиз ишлаб чиқарувчилари ва хорижий харидорлар ўртасида иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Икки кун давом этган мазкур нуфузли тадбирда 580000 тонна ўзбек пахта толаси ҳамда умумий қиймати бир миллиард АҚШ долларидан зиёд тўқимачилик маҳсулотлари савдоси бўйича шартномалар имзолангани бунинг яққол далилидир.
Дарҳақиқат, бу галги Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ўзбек толасининг экспорт қилиш бозор механизмларини янада ривожлантириш, ҳамкорлар сафини кенгайтириш, энг асосийси, янги бозор йўлакларини очишда муҳим восита бўлди. Унда жаҳоннинг 50 га яқин давлатидан 1000 дан ортиқ компания ва фирмалар вакиллари иштирок этиб, юртимиз ишлаб чиқарувчилари билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини боғлашга муваффақ бўлдилар. Бу ўзбек пахта толасининг жаҳон бозоридаги мавқеи юксалиб, рақобатбардошлиги тобора ошиб бораётганидан дарак беради. 
Бугунги кунда Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринда туради. Илгари толамиз, асосан, Европа давлатлари томонидан сотиб олинган бўлса, эндиликда уларнинг сафига Хитой, Бангладеш ҳамда Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам қўшилди. Буни мутахассислар, энг аввало, ўзбек пахта толасининг сифат кўрсаткичлари юқорилиги, айни чоғда тўғри экспорт сиёсати юритилаётгани билан изоҳлашмоқда. 
Бинобарин, жаҳон пахта бозорининг асосий иштирокчиси — Ўзбекистонда оқилона экспорт сиёсати юритилаётгани, барча харидорларга тенг имконият яратилгани, сифатли хом ашё етиштириш, уни қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича ўзига хос қулай тизим мавжудлиги муваффақиятларни янада мустаҳкамлаётир.
— Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик узоқ ўтмишга бориб тақалади. Маълумотларга қараганда, савдо алоқалари Соҳибқирон Амир Темур даврида ўрнатилган, — дейди Бангладеш пахта уюшмаси президенти М. Аюб. — Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамланди. Иқтисодиётнинг барча жабҳаси, айниқса, тўқимачилик соҳасидаги алоқаларимиз йил сайин кенг кўлам касб этаяпти. Бунинг исботи тариқасида 2012 йилда Бангладеш жами пахта толаси импортининг 22 фоизи, 2013 йилда 28 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келганини айтиш кифоя, назаримда. Навбатдаги тадбир ҳам биз учун самарали кечди. Унинг доирасида 175 минг тонна пахта толаси харид қилиш бўйича келишувларга эришдик.
Ўтган қисқа давр мобайнида халқаро пахта бозорининг муҳим иштирокчиларига айланган “Ўзмарказимпекс”, “Ўзинтеримпекс” ва “Ўзпроммашимпекс” давлат ташқи савдо компаниялари замонавий савдо усулларини қўллаш орқали ўз маркетинг стратегиясини амалга ошираётгани ҳамкорларга ҳар томонлама манзур бўлаётир. Мисол учун, доимий стратегик шерикларга эга ушбу ташқи савдо компанияларида ўзбек толасини бутун пахта мавсуми давомида бир маромда етказиб бериш имконияти мавжуд.
Х Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иштирокчилари бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар. Шунингдек, улар тадбир давомида пахта хом ашёсини бирламчи қайта ишлаш, толани харидорларга етказиб бериш хизмати, калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечаклар тайёрлаш жараёнлари билан бевосита жойларга чиқиб яқиндан танишдилар.
Меҳмонлар дастлаб Тошкент вилоятидаги “Ўзбекистон” пахтани қайта ишлаш заводида бўлишди.  У “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланиб, бу ерда модернизациялаш лойиҳалари доирасида энг замонавий пахта тозалаш, тола ажратиш ва уни тойлаш ускуналари ўрнатилди. Натижада ишлаб чиқариш қуввати ошиб, йилига 20 минг тонна хом ашё сифатли қайта ишланаяпти. 
— Пахта йиғим-терими якунланаётган ҳозирги кунда фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага кўра, янги пахта ҳосили қабул қилиб олиниб, улар пешма-пеш қўлдан чиқарилаяпти, — дейди ушбу корхона раҳбари Шукуржон Абдураззоқов. — Бу йилги пахтанинг сифати юқорилиги туфайли рақобатбардош тола олинмоқда. Умуман олганда, кейинги йилларда заводимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатининг ошиб бориши кузатилаяпти. Бугунги кунга келиб, “Олий” ва “Яхши” синфларга мансуб толанинг улуши 87,3 фоизгача ортгани бунга мисолдир.    
Бу каби юқори сифатли хом ашёни ўзимизда чуқур қайта ишлаш ҳажмини муттасил ошириб бориш эса соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан саналади. Шу мақсадда тизимга хориж инвестицияси жалб қилинган ҳолда, янги замонавий корхоналар барпо этилаяпти, мавжудлари эса тубдан модернизация қилинаётир. Бунда  Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспортда тайёр ва яримтайёр тўқимачилик маҳсулотлари улушини кўпайтириш имконини бераяпти. Мана, исботи: агар ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган толанинг 7 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 44 фоизни ташкил этаяпти. Бу ҳали чегара эмас. Мутахассисларнинг айтишича, у 2016 йилда 60 фоизга етказилиши кутилаяпти.
Тошкент вилоятидаги “Uztex-Chirchiq” тўқимачилик фабрикаси — хом ашёни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилган илғор ишлаб чиқариш субъектларидан. Бу ердан ташқи бозорга, асосан, тайёр маҳсулотлар етказиб берилаяпти. Ушбу корхона фаолияти билан яқиндан танишган чет эллик мутахассислар юртимизда тўқимачилик саноатини тараққий эттиришга қаратилган ислоҳотлар беқиёс самаралар бераётганига амин бўлганликларини қайд этдилар.
— Очиғи, корхонада яратилган шарт-шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати мени ҳайратга солди, — дейди Буюк Британиянинг “Wayrex LLP” компанияси вакили Жан-Клод Бюжен. — Жамоада толадан ип йигириш, ундан мато тўқиш, газламани бўяш ва тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани таҳсинга лойиқ. Мазкур фабрика юртингизда амалга оширилган юзлаб йирик лойиҳалардан бири эканлиги тўқимачилик салоҳиятингиз ниҳоятда юқорилигини яққол кўрсатиб турибди. Корхонада меҳнат қилаётган кишиларнинг аксарияти ёшлар эканлиги ҳам эътиборимни тортди. Ишончим комилки, келгусида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, кийим-кечаклар экспорти бўйича ҳам юқори ўринларни забт этади.
“Uztex-Chirchiq” корхонасида йилига 11 минг тонна калава ип, 6,4 минг тонна бўялган мато, 4 минг тонна бўялган калава ип, 10 миллион дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилаяпти. Уларнинг сифати юқорилиги боис ташқи бозорда тобора харидоргир бўлиб бормоқда.  Маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинаётгани бунинг яққол далилидир.
Таъкидлаш керакки, толамиз экспортининг ошишида логистика хизматининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 августдаги “Пахта толасини сотиш ва унинг учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори, айтиш мумкинки, шундай хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган йигирма битта пахта терминали фаолиятини янада кенгайтирган бўлса, айни пайтда юртимизда 410 минг тонна пахта толасини бир вақтда сақлаш имкониятига эга тўртта омбор ишлаб турибди. 
Ярмарка иштирокчилари “Тошкент-тола” ихтисослаштирилган минтақавий пахта терминалига ташриф буюриб, унинг мисолида юртимиздаги шундай субъектлар фаолияти билан танишишга муяссар бўлдилар.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Тошкент-тола” пахта терминали омборларида бир пайтнинг ўзида 45 минг тонна ҳажмидаги пахта толасини сақлаш мумкин. Умумий омборларнинг бир қисми эса эркин омбор тизимига ўтказилгани харидорлар учун янада қулайлик яратади. Сабаби, харидор сотиб олган хом ашё, унинг хоҳишига кўра, олиб кетилгунгача уларда сақланиши таъминланади.
Шу билан бирга, бу ерда амалга оширилаётган модернизациялаш тадбирлари натижасида харидорларга шу жойнинг ўзида пахта хом ашёсини намойиш қилиш ва унга оид барча маълумотлар билан танишиш имкони берилаётгани ҳам диққатга сазовор. Ўзбекистон “Сифат” марказининг лабораторияси, божхона, давлат карантин назорати пункти каби хизматларнинг терминал ҳудудида мавжудлиги эса бу ишларни қисқа фурсатда амалга оширишда қўл келмоқда.
— Юртингизда анъанавий ўтказиб келинаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси соҳадаги муҳим тадбирлардандир, — дейди “Cotton Outlook” халқаро агентлигининг бошқарувчи директори Р. Батлер. — Унда мунтазам қатнашиб, юқори савияда ташкил этилаётгани, томонлар учун самарали бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдаман. Ярмаркада ўзбек толаси харидорларига тенг имкониятлар берилаётгани, шартнома тузиш, етказиб бериш ва тўловни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай чекловнинг мавжуд эмаслиги унинг нуфузини янада орттираяпти. Кейинги йилларда толанинг баҳоси талаб-таклифдан келиб чиқиб, ўзгариб турган бир шароитда ўзбек толасига бўлган эҳтиёжнинг муттасил ўсиб бораётгани шундай дейишимизга асос бўла олади.
Жаҳон пахта бозорининг бу йилги Тошкент форуми кундалиги ранг-баранглиги билан унга ташриф буюрган тўқимачилик саноатидаги етакчи компанияларнинг 1000 нафардан зиёд трейдер ва вакилларида катта таассурот қолдирди, десак, муболаға бўлмайди. Нега деганда, тадбир қатнашчилари биржа савдолари билан чекланиб қолмасдан, балки долзарб мавзулардаги ялпи мажлис ва давра суҳбатларининг иштирокчиси сифатида жаҳон пахта бозоридаги бугунги вазиятни муҳокама қилиш, энг асосийси, иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларида рўй бераётган янгиланишлар, ҳудудларнинг саноат салоҳияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Катта ҳажмда тола ва тўқимачилик маҳсулотлари сотиб олиш бўйича шартномалар тузишга эришдилар. 
Хорижлик инвесторлар ўз бизнесини мамлакатимиз билан боғлашга интилаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки Ўзбекистон жаҳонда пахтачилик ва тўқимачилик тармоғи жадал ривожланаётган давлатлардан бири бўлиб, бу ерда етиштирилган юқори сифатли пахта толаси ташқи ва ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим омилдир. Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси эса толамизни ҳеч бир воситачисиз, тўғридан-тўғри сотиб олиш имкониятини туғдиргани, айниқса, қувонарли.
Мухтасар айтганда, икки кун давом этган Х Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси саноатимизнинг жаҳон бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, мавқеини бир поғона оширди. Зеро, ўзбек толаси ўзининг юксак сифат кўрсаткичлари билан жаҳон бозорида тобора харидоргир бўлиб бораяпти.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn