Жаҳон пахта бозорининг нуфузли тадбири
  • 14 Октябрь 2014

Жаҳон пахта бозорининг нуфузли тадбири

Кеча Тошкент шаҳрида X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2005 йилда асос солинган ушбу тадбир дунё пахта ва тўқимачилик саноати мутахассислари, олимлар, енгил саноатнинг йирик корхоналари ва савдо компаниялари вакиллари интиқиб кутадиган энг нуфузли форумлардан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан биринчи ярмарка иштирокчиларига йўлланган табрикда, жумладан, шундай дейилган эди: “Ишончим комилки, мазкур ярмарка ўзбек пахтасини экспорт қилиш борасида Ўзбекистоннинг ва ҳамкорларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган янги, самарали воситаларни ривожлантиришга, истиқболда янада ишончли, барқарор иқтисодий муносабатлар ўрнатиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилади”.
Ўтган ўн йиллик тарихга назар ташласак, буларнинг барчасига амалда эришилганига амин бўламиз. Негаки, ярмарка, том маънода, ўзбек пахта толасининг жаҳоний бозори мақомига сазовор бўлди. Зотан, тадбир иштирокчилари нафақат ялпи мажлис ва давра суҳбатларида иштирок этиб, халқаро пахта бозорининг бугунги ҳолати ва истиқболли Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноати салоҳияти, уни ривожлантиришга хорижий инвестициялар жалб қилиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш, балки биржа савдоларида қатнашиб, пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳеч қандай воситачиларсиз, тўғридан-тўғри савдо битимларини тузиш имкониятига эгадирлар. Шу боис унга бўлган қизиқиш йил сайин кучайиб, иштирок этаётган давлатлар жуғрофияси ҳам, унга ташриф буюраётган бизнес тузилмалари вакиллари сони ҳам муттасил ошиб бораяпти. Бир эътибор қилинг-а, агар дастлабки ярмаркага жаҳоннинг 30 давлатидан 170 та компания ва фирма вакиллари ташриф буюрган бўлса, бу йилгисида 50 га яқин мамлакатнинг 1000 дан ортиқ компаниялари намояндалари қатнашаяпти. Бу Тошкент яна пахта бизнесининг пойтахтига айланганидан яққол далолат эмасми?
X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида сўзга чиққан “Cotton Outlook” халқаро  агентлигининг бошқарувчи директори Р. Батлер, Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг бошқарувчи директори А. Гитчунс, Бангладеш пахта уюшмаси президенти М. Аюб, “Xinjiang Yinlong International Agricultural Cooperation Co., Ltd.” компанияси бош директори Ф. Ганг ва бошқалар таъкидлаганидек, жуда қисқа давр ичида жаҳон пахта бозори тақвимида мустаҳкам ўрин эгаллаган Тошкент форуми соҳанинг энг муҳим тадбирлари сирасига киради. Ўзбекистон эса нафақат юқори сифатли саноатбоп пахта етиштирувчи мамлакат, балки уни кафолатли етказиб берувчи ишончли ҳамкор сифатида ҳам довруқ қозонди.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пахта етиштириш, уни қайта ишлаш, сифатли сақлаш ва харидорларга етказиб бериш борасида ўзига хос тизим яратилди. Натижада халқаро бозорда савдолар фаоллашган ҳозирги пайтда толамизни харид қилиш умидида юртимизга ташриф буюраётганлар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Ушбу жараёнда асосий эътибор харидорларга сифатли тола тақдим қилишга қаратилаётир. Шу мақсадда ғўзанинг истиқболли навларини яратиш, экин парваришига илм-фан ва техника ютуқлари, замонавий технологияларни изчил жорий қилиш, қайта ишлаш тизимини тубдан модернизациялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти. Истиқлол йилларида юртимизда селекциячи олимлар томонидан ғўзанинг 107 та янги нави яратилгани, улардан 27 таси Давлат реестрига киритилиб, асосий майдонларда парваришланаётгани бунинг исботидир. Улар ҳосилдорлиги, эртапишарлиги, толасининг ранги, пишиқлиги, микронейри, шунингдек, бошқа техник кўрсаткичларининг устунлиги билан алоҳида ажралиб туради.    
Мутахассисларнинг айтишича, тола баҳосини белгилашда сифат энг бирламчи омил ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги пахта тозалаш корхоналари модернизация қилинган ҳолда, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмалар татбиқ этилаётгани қувонарлидир. Зеро, биргина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2007 — 2011 йилларда пахта тозалаш саноати корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш дастури тўғрисида”ги қарори асосида, 41 пахта тозалаш заводида модернизациялаш лойиҳалари муваффақиятли бажарилдики, бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш қувватларини кескин ошириш, тола сифатини янада яхшилаш имконини берди. 
Ялпи мажлисларда Ўзбекистонда қўлга киритилаётган шу каби муваффақиятларга алоҳида тўхталиб, буларнинг барчаси ўзбек толасининг жаҳон бозоридаги мавқеини оширишга, ҳамкорлар сафи кенгайишига хизмат қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. 
Куннинг иккинчи ярмида халқаро ярмарка иштирокчилари эътиборига “Ўзэкспомарказ” мажмуи павильонларида ўзбек пахта толаси намуналари ва кенг ассортиментдаги тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этилди. Чет эллик харидорларга шу ернинг ўзида танланган туркумни сотиб олиш юзасидан шартнома тузиш, маҳсулотни етказиб бериш масаласини ҳал этиш учун барча шарт-шароит яратилгани айни муддао бўлди.
Тола намуналари билан яқиндан танишган мутахассислар ўзбек пахта толаси асосий кўрсаткичлар билан бирга, HVI тизимида аниқланган қўшимча кўрсаткичлар бўйича ҳам харидорлар талабларига мос эканлигини таъкидладилар. Бинобарин, юртимизда ишлаб чиқарилаётган тола ва момиққа оид тойма-той сифат кўрсаткичлари бўйича сўнгги тавсифлар Бремен пахта ассоциацияси ва Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг аъзоси  “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази томонидан HVI тизимлари замонавий ускуналаридан фойдаланган ҳолда берилади.
Заминимизда етиштирилган хом ашёни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Шу мақсадда соҳага чет эл инвестицияси жалб этилиб, ҳар йили кўплаб замонавий корхоналар барпо қилинаяпти.
Ҳозирги пайтда республикамизда 3000 та енгил саноат корхонаси рўйхатга олиган бўлса, шундан 300 таси “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси тизимида бирлашган. Уларда ишлаб чиқарилаётган турфа хилдаги тайёр кийим-кечаклар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан дунёнинг 45 дан ортиқ мамлакатларига жўнатилаяпти. Табиийки, бу жараёнда Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси муҳим бозор вазифасини ўтаётир.
Кўргазма залларида маҳаллий корхоналарда кейинги йилларда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган тўқимачилик маҳсулотлари, миллий анъаналар ва замонавий усуллар мужассам турли кийим-кечаклар кенг намойиш қилинаяпти. Айниқса, “Ўзбекенгилсаноат” ДАК қошидаги “Шарқ либослари” дизайнерлик маркази ҳамда “Осиё рамзи” модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси томонидан тайёрланган либослар намойиши шоу тусини олди. Буни яқиндан кузатган чет эллик меҳмонлар Ўзбекистонда тўқимачилик саноати жадал тараққий этиб бораётгани, жаҳон подиумларига чиқа оладиган сара либослар дизайнлари яратилаётганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар. 
Қисқача айтганда, жаҳоннинг тўқимачилик ва енгил саноати тараққий этаётган давлатлари борки, уларнинг вакиллари яна Тошкентда жам бўлишди. Зотан, X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси жаҳон пахта ҳамжамиятининг энг муҳим ва аҳамиятли тадбирларидан бири бўлиб, пахта толасини экспорт қилишнинг бозор механизмларини янада ривожлантириш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва хорижий харидорлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши муқаррардир.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn