Самарали ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда
  • 14 Октябрь 2014

Самарали ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда

Пойтахтимизда ўтаётган Х Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси, том маънода, ўзаро алоқаларни ривожлантирувчи мулоқот  майдонига айланмоқда.

Зеро, бу ерда йиғилган пахтачилик соҳаси мутахассислари, пахта толаси савдоси билан шуғулланувчи компаниялар раҳбарлари  қўлга киритилган ютуқларни сарҳисоб қилиш баробарида, истиқболдаги режалар хусусида ҳам фикр алмашмоқдалар. Манфаатли алоқалар ўрнатиш пайидан бўлмоқдалар.
Буни тадбир иштирокчиларининг қуйидаги сўзларидан ҳам англаб олиш мумкин.

Алоис ШОНБЕРГЕР,
“Cottonex Anstalt” компанияси бош директори (Австрия): 
— Юртингизда бир неча йиллардан буён  ташкил этилаётган ушбу ярмарка жаҳон миқёсидаги йирик тадбирлардан бирига айланиб улгурди. Ўзбек толасини харид қилиш ёки соҳа янгиликларидан бохабар бўлиш истагидаги компания ва фирмалар, савдо ташкилотлари вакиллари, мутахассислар сафи йил сайин кенгаяётгани шундан далолат беради. Мен буни қаердан биламан? Чунки компаниямиз Ўзбекистондан Австрияга пахта толасини импорт қилиш билан шуғулланади, шу боис ҳар йили мазкур нуфузли тадбирда иштирок этаман. Ҳар гал келганимда, ўзбекистонлик мутахассислар билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг соҳада қўлга киритаётган ютуқларига гувоҳ бўламан. Тўқимачилик корхоналари фаолияти билан танишаман. Мана, бугунги анжуманда ҳам биз, қатнашчилар учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Пахта навларини яратишдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён билан яқиндан танишиш имконига эгамиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда  етиштирилаётган пахта толаси халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу эса, ярмарканинг самарали ўтиши, ўзаро ҳамкорлик бўйича кўплаб шартномалар имзоланиши учун муҳим омилдир. 

Цай Гаун ЧУАН,
“Nantong Yufeng Plastic Packing Co. Ltd”  компанияси президенти (Хитой):
— Ўзбекистонга учинчи бор  келишимиз. Яъни юртингизда пахтачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлардан анча-мунча хабардормиз. Лекин бугун — ярмарканинг дастлабки кунида ўтказилган тақдимот ва маърузалар орқали мазкур заминда пахта етиштириш технологияси ҳамда уни қайта ишлаш саноатини равнақ топтириш, пахта тозалаш корхоналарини  модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларимиз янада бойиди. Рўёбга чиқарилаётган бу каби ишлар, албатта, ўзбек  толасининг  жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга, унинг рақобатбардошлигини ошириб, харидоргирлигини таъминлашга хизмат қилаяпти.
Компаниямиз пахта толасини қадоқлаш ва бу жараёнда фойдаланиладиган ускуналарни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ишончим комилки, Тошкент ярмаркаси биз учун омадли келиб, янги битимлар тузиш йўлида янги имкониятларни яратади.

Имомул ХАН,
“Cotton Solution. Ltd.” компанияси ижрочи директори (Бангладеш):
— Республикангизда хорижий ишбилармонларнинг бизнес юритиши учун яратилаётган имкониятлар кўлами ниҳоятда кенг. Ярмарка эса амалий ҳаракатларни юзага чиқаришда муҳим бир воситадир. Хусусан, компаниямиз шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасини импорт қилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, ўзбек пахтаси сифати жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Бундай хом ашёдан, табиийки, пишиқ тола олинади. Буни саноатчилар жуда яхши билишади. Шу боис кейинги йилларда дунё бозорида ўзбек толасига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Бангладешда ўнлаб корхоналар айнан ўзбек толасини қайта ишлаб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқараяпти. Жорий йилда буюртмаларимиз сони янада кўпайган. Шуни инобатга олиб, ярмаркада 80 минг тоннагача пахта толасини харид қилишни режалаштириб турибмиз.

«Халқ сўзи» мухбири
Дилшод УЛУFМУРОДОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn