Экспорт салоҳиятини оширишнинг муҳим омили
  • 14 Октябрь 2014

Экспорт салоҳиятини оширишнинг муҳим омили

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянч кучига айланмоқда. Уларнинг саноатдаги улуши 28,4 фоизни, бандликдаги ҳиссаси 76,4 фоизни ташкил этаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Эътиборли жиҳати, соҳа вакиллари томонидан тайёрланган сифатли маҳсулотлар ички бозоримизни бойитишдан ташқари экспорт салоҳиятини оширмоқда.
Маълумки, тадбиркорнинг дунё бозорига чиқиши у таклиф этаётган маҳсулотнинг сифатига бевосита боғлиқ. Бошқача айтганда, корхона  ёки ташкилот  ишлаб чиқаришда халқаро сифат тизимлари,  хусусан, ISO стандартлари жорий этилсагина ташқи бозорда ўз ўрнини топа олади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги “Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, “Ўзстандарт” агентлиги қошида Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюросининг ташкил қилиниши, айниқса, ишбилармонларнинг бу борадаги ишларини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки Бюромиз томонидан экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга стандартлаш, сертификатлаш, ёрлиқлаш, қадоқлаш ва бошқа йўналишлар юзасидан халқаро ҳамда мамлакатлараро талаблар бўйича бепул маслаҳатлар берилаяпти. Бунда, табиийки, дунёнинг ўнлаб давлатлари билан  стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология йўналишларида ҳукуматлараро ва идоралараро имзоланган битимлар муҳим омил бўлмоқда. Натижада ҳозирги кунгача Германия, Ҳиндистон, Польша, АҚШ, Грузия, Қирғизистон сингари 26 та мамлакат билан ўзаро маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган ойлари давомида тадбиркорлик субъектлари, ташкилотлар, корхоналарнинг буюртмаларига мувофиқ, маҳсулотларни каталоглаштириш ҳамда меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида 20 та корхонага методик ёрдам кўрсатилди. “Ўзстандарт” агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда жойларда 2 мингдан зиёд корхоналар фаолияти таҳлил қилиниб, уларга консультатив хизматлар кўрсатилиши баробарида, сифат бўйича масъуллар тайинланди. 54 та корхонада эса сифат менежменти тизими жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда хўжалик юритувчи субъектларда халқаро сифат тизимини жорий қилиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилди. Унинг доирасида кўрилган чора-тадбирлар туфайли шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидаги 18 та ишлаб чиқариш субъектида халқаро сифат андозалари даражасида маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилмоқда.
Мухтасар айтганда, республикамизда ишбилармонлик муҳитининг тобора яхшиланиб бораётгани иқтисодиётимиз барқарорлигига, аҳолининг иш билан бандлиги ва моддий фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Корхоналарда халқаро стандартларнинг изчил татбиқ этилаётгани эса тадбиркорларнинг жаҳон ишбилармонлари билан рақобатга киришишлари учун қўшимча имкониятлар яратаётир.

Нурилло ЎРОЗҚУЛОВ,
«Ўзстандарт» агентлигининг Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn