Агросаноат: Истиқболли лойиҳалар, салмоқли натижалар
  • 07 Февраль 2014

Агросаноат: Истиқболли лойиҳалар, салмоқли натижалар

Президентимиз мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида юртимизда изчил юқори ўсиш суръатлари билан бирга, ялпи ички маҳсулотимиз умумий ҳажмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улушининг камайиш тенденцияси кузатилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Табиийки, бу иқтисодиётимизда амалга оширилаётган чуқур таркибий ўзгаришлар, хусусан, Ўзбекистон бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораётганининг
яққол тасдиғидир.
Буни Сирдарё вилоятидаги кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунончи, олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида биргина ўтган йилнинг ўзида ҳудудда озиқ-овқат йўналишида қиймати 12,9 миллион АҚШ долларилик 131 лойиҳа амалга оширилиб, 2,1 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланди. Эътиборлиси, бунда агросаноат тармоқларининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
Сирдарё туманидаги “Inter milk” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектларидан биридир. Бу ерда сут етиштириш баробарида, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотга айлантириш, қадоқлаш ва харидорларга етказиб беришгача бўлган барча жараён амалга оширилаяпти.
Шу мақсадда озуқа етиштиришга мўлжалланган 772 гектар экин майдони ажратилиб, 8 гектарлик чорвачилик комплекси бунёд этилган. Мана шундай имкониятларга эга мажмуада иш юритиш тамойиллари ҳам ўзига хос. Масалан, қорамоллар қарови тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда бажарилади. Махсус генераторлар ёзда ҳавони мўътадиллаштириб беради. Бу, табиийки, Голландиядан келтирилган зотдор қорамолларнинг маҳаллий шароитга мослашишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Натижада  кунлик сут миқдори қарийб 6 тоннани ташкил қилаяпти. Эътиборли жиҳати, соғиб олинган сут дарҳол мажмуанинг сутни қайта ишлаш цехига келтирилиб, ундан 12 турдаги тайёр маҳсулот тайёрланаётир.
— Ҳар куни 3-3,5 тонна сутни қайта ишлаш имкониятига эгамиз, — дейди цех технологи Раҳмонқул Аҳмедов. — Ҳадемай, бу миқдор янада ошади. Чунки шу кунларда пишлоқ тайёрлашни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз.
Цехда хориждан келтирилган илғор ускуналарни 8 нафар юқори малакали ишчи бошқармоқда. Сифатли маҳсулотлар вилоятда, пойтахтимиз ва қўшни ҳудудларда ҳам ўзининг  доимий харидорларини топиб улгурди.
Таъкидлаш керакки, “Интер милк” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган  бу саъй-ҳаракатлар аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга қаратилган эзгу ташаббуслардан бири, холос. Бундан ташқари, вилоятда шу йўналишда яна бир неча истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти. Демак, келгусида  кўплаб янги иш ўринлари яратилади,  аҳолига турли-туман, энг муҳими, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этилади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn