Корхонанинг савдо уйлари
  • 07 Февраль 2014

Корхонанинг савдо уйлари

Бугунги кунда “Cotton Road” қўшма корхонасининг хорижий давлатларда тўртта савдо уйи мавжуд.

Бу эса Қарши шаҳрида фаолият юритаётган мазкур ишлаб чиқариш субъектининг якунланган йилда 2 миллион 588 минг АҚШ долларилик тайёр ва яримтайёр маҳсулотларни экспорт қилишида қўл келди.
— Айни пайтда Латвия, Литва, Польша ҳамда Франция давлатларида ҳам савдо уйлари очиш бўйича шартномалар имзоладик, — дейди қўшма корхона бош директори Равшан Бобожонов. — Шу орқали ташқи бозордаги ўрнимизни мустаҳкамлашга интилаяпмиз. Дарвоқе, биз тайёрлаётган қишки кийимлар, кўйлак ва футболкалар чет элда анча харидоргир бўлиб бораяпти.
Эътиборлиси, 730 киши меҳнат қилаётган “Cotton Road” жамоаси ўтган йили 17 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаришга эришди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ўн баробар юқори
Шеробод туманилик Нодир Норбеков бунёд этган 50 сотихлик иссиқхонадан анъанавийларига нисбатан ўн баробар ортиқ ҳосил олиш мумкин.
Эътиборли жиҳати, тадбиркорнинг ойнаванд даласи Жанубий Корея технологияси асосида жиҳозланган бўлиб, бу ерда экинларни озиқлантириш жараёни компьютер ёрдамида амалга оширилади. Яна бир янгилик — махсус минераллар билан бойитилган тупроқ Эстониядан келтирилган. Бу ҳам ҳосил салмоғининг ортишига хизмат қилмоқда.
— Мажмуамизда йилнинг тўрт фаслида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мумкин, — дейди мазкур “Шеробод грин фрутс” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Жуманазар Мирзаев. — Жорий йилда ҳам ана шу технология асосида яна 50 сотих майдонда иссиқхона бунёд этишни режалаштирганмиз.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Муаммо ечимини топди
Айни пайтда Фарғона вилоятида пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган 10 дан зиёд корхоналар фаолият кўрсатмоқда.
Яқин вақтларгача бу жамоалар хом ашёни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ҳамда хориждан келтиришар эди.
Тошлоқ туманида “Менфен-ко” қўшма корхонаси ташкил этилиши билан мазкур муаммо ўз ечимини топди. Ҳозир бу ерда пойабзал учун муҳим ашё — чарм ишлаб чиқарилаяпти. Шу билан бирга, корхонада полиэтилен маҳсулотлар тайёрлаш ҳам ўзлаштирилди. Ана шу икки тармоққа асос солиниши билан корхонада 40 та иш ўрни вужудга келди.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn