Қашқадарё вилояти: Бунёдкорлик, ташаббус ва янгиланиш
  • 25 Сентябрь 2014

Қашқадарё вилояти: Бунёдкорлик, ташаббус ва янгиланиш

Истиқлол берган имкониятлар самараси бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида ўз аксини топмоқда. Пировардида тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида юксак марраларни забт этаётган халқимиз ютуқлари салмоғи тобора ошиб бораётир.

Бу эса мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, юртдошларимизнинг турмуш шароитини янада яхшилашдек эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, кейинги йилларда улкан ўзгариш ва янгиланишлар туфайли Қашқадарё вилояти шаҳару қишлоқлари ҳам кўркам, обод ва муаззам қиёфа касб этмоқда. Чунончи, мустақиллигимизнинг 23 йиллик шодиёнаси арафасида вилоят маркази — Қарши шаҳри кўчалари, ички ва умумий фойдаланишдаги ҳамда транзит йўллар ён-атрофлари кўкаламзорлаштирилди. Чўмилиш ҳавзалари, истироҳат боғларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу кунларда ҳам шаҳарнинг қай бир маҳалласига борманг, янги ва замонавий иншоотлар барпо этилаётганига гувоҳ бўласиз.
Яна бир эътиборли жиҳати, вилоятдаги кўҳна тарихий мажмуалар, ёдгорликларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга етказиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, кейинги йилларда Қарши шаҳридаги “Кўкгумбаз”, “Одина” жоме масжидлари, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ, Қарши туманидаги Имом Мўъийн ан-Насафий, Касби туманидаги Султон Мирҳайдар, Шаҳрисабз туманидаги “Оқсарой”, “Дорут-Тиловат” ва “Дорус-Саодат” мажмуаларида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари якунига етказилди. Бу эса, ўз навбатида, Қашқадарёда туризм соҳасини ривожлантириш учун асос яратди. Ушбу жараёнда, албатта, Вазирлар Маҳкамасининг “2013 — 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлаётганини таъкидлаб ўтиш зарур.  Чунки ушбу ҳужжатга кўра, ҳудудда тарихий ва маданий объектларни халқаро ҳамда маҳаллий сайёҳликка мослаштириш, Амир Темур номидаги музей экспозицияларини кенгайтириш, меъморчилик иншоотлари интерьерида мавзуга мос экспозициялар, археологик объектларда экотуризмни ташкил этиш, шунингдек, Шаҳрисабзни музей-шаҳарга айлантириш режаси ишлаб чиқилди. Айни пайтда мазкур қадимий кентда шарқий бозор барпо этиш, унда замон талаблари даражасида хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Шаҳримиз зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолари билан дунёга машҳур, — дейди Амир Темур номидаги Шаҳрисабз моддий маданият тарихи музейи директори Наби Хушвақтов. —  Қадимий Кеш, айниқса, кейинги йилларда ўзгача қиёфага кираяпти. Чунончи, “Ўзшаҳарсозлик” лойиҳалаш илмий текшириш институти томонидан ишлаб чиқилган бош режага мувофиқ, шаҳарнинг тарихий қисми миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари ҳамда шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилмоқда.
Эътиборлиси, бундай бунёдкорлик ишлари вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларини ҳам қамраб олаяпти. Натижада қишлоқ жойларда худди шаҳардаги сингари замонавий қулайлик, шарт-шароитлар яратилмоқда. Масалан, ўтган йили вилоят миқёсида намунавий лойиҳалар асосида 1050 та замонавий уй-жой барпо этилган бўлса, жорий йилда яна 1172 та ана шундай тураржой ўз эгаларига топширилади.
Яна бир диққатга молик жиҳат: мустақиллик йилларида Қашқадарё вилояти, чин маънода, мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика базасига айланди. Бугун республикамизда қазиб олинаётган нефтнинг 76 фоизи, табиий газнинг 82 ва газ конденсатининг 93 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келаётгани, эҳтиёж учун зарур бўладиган олтингугурт ҳам тўласинча ушбу воҳада ишлаб чиқарилаётгани фикримиз исботидир. Масалан, иқтисодий салоҳиятига кўра ўхшаши бўлмаган “Шўртан газ-кимё” мажмуининг барпо этилиши нафақат вилоят, балки Ўзбекистонда рўёбга чиқарилган энг муҳим лойиҳалардан бири бўлди. Ваҳолонки, собиқ Иттифоқ даврида юртимизда бундай замонавий мажмуанинг ишга туширилишини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “У замонда биз мана шундай буюк иншоотлар қуришни фақат орзу қилишимиз мумкин эди, холос. Лекин шу замин қаъридаги бойликларни ишга солиш, улардан шу юртда яшайдиган одамларнинг ҳаётини фаровон қилиш учун фойдаланиш имкони йўқ эди”.
Ҳозир бу ерда тайёрланаётган полиэтилен дунёнинг ўнга яқин мамлакатларига экспорт қилинаяпти. Қолаверса, мажмуа негизида “Шўртан ГКМ метан гази асосида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилаяпти. Мутахассислар фикрича, бу ердан чиқаётган метан газининг тозалиги 98-99 фоизни ташкил қилади. Малайзиянинг “Petronas” компанияси инвестицияси жалб этилган ҳолда, Жанубий Африканинг “Sasol” компанияси лойиҳаси асосида барпо қилинадиган бу ноёб корхонада ана шу хом ашёдан жаҳондаги энг илғор GTL технологияси асосида экологик тоза синтетик суюқ ёнилғи, Евро-IV, Евро-V стандартларига мос дизель ёнилғиси, авиакеросин ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ваҳолонки, айни пайтда дунё бўйича бор-йўғи 2 та давлатдагина бундай усулда маҳсулот  тайёрланаяпти, холос.
Яна бир йирик иншоот — “Таллимаржон” иссиқлик электр станцияси ҳам айни мустақиллик йилларида ишга туширилди. Шу тариқа бу ерда соатига 800 мегаватт энергия ишлаб чиқаришга қодир станциянинг биринчи энергоблоки бунёд этилиб, Самарқанд — Бухоро энергоузелидаги тақчиллик ва электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш, электр энергияси экспортини кўпайтириш, саноат корхоналари ва миллионлаб аҳолини электр энергияси билан ишончли таъминлаш имконияти юзага келди. 
Маълумотларга кўра, айни пайтда дунёда калий ўғитлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган атиги 14 та корхона фаолият юритмоқда. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи — ана шулардан бири. Қувонарлиси, мазкур саноат мажмуи маҳсулотлари сифат жиҳатидан жаҳонда биринчи ўринда туради. Бундан ташқари, унинг ишга туширилиши муносабати билан  “Тепақўтон” калий тузлари конида тоғ-кон мажмуи, Деҳқонобод темир йўл станцияси яқинида тузни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий объектлар ҳам бунёд этилди. Шунингдек, улар ўртасида юк машиналари учун равон автомобиль йўли, сув, газ, электр энергияси таъминоти ва бошқа ижтимоий инфратузилма иншоотлари қурилди. Айни пайтда эса корхона қувватини ошириш мақсадида Хитойнинг “CITIC International Cooperation Co. Ltd” компанияси бош пудратчилигида йилига 400 минг тонна калий ўғитлари тайёрлашга мўлжалланган қайта ишлаш мажмуи барпо этилмоқда.
— Бир вақтлар бу жойлар тап-тақир дашт эди, — дейди завод бош технологи Баҳодир Бойназаров. — Истиқлол шарофатини қарангки, қисқа вақтда мазкур яйдоқ ерда шундай қудратли корхона қад ростлади. Ён-атрофи обод бўлди. Ҳозир бу ерда меҳнат қилаётган 1500 нафардан зиёд ишчи-ходимларнинг 80 фоиздан зиёди мен каби маҳаллий аҳоли вакилларидир.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, атрофи тоғу тошдан иборат бўлган Деҳқонобод тумани учун  тараққиёт эшикларини очиб берган ушбу завод “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўли қурилиши билан узвий боғлиқдир. Денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдан ўтган мазкур темир йўл эндиликда осмонўпар тоғлар орасини кесиб ўтиб, ер ости минерал ресурслари, нефть ва газ, рангли металл, кўмир ҳамда калий тузи, қурилиш материаллари ва бошқа қимматбаҳо фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ҳамда шу пайтгача “пўлат из”лар етиб бормаган ҳудудларни юртимизнинг бошқа шаҳарлари ва қўшни мамлакатлар билан боғлашда қўл келмоқда.
Бу каби ишларни янги босқичга олиб чиқишда эса Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарор асосида ҳозир “Мароқанд — Қарши — Термиз” темир йўл участкасини электрлаштириш лойиҳаси жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Зеро, ушбу линиянинг тўлиқ электрлаштирилиши поездлардан фойдаланиш харажатларини 23 фоиз қисқартириб, йилига 16 минг тонна дизель ёнилғисини тежаш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини ошириш, юк ташиш вақтини 1,2 соат, йўловчиларнинг манзилга етиш муддатини эса 40 дақиқа қисқартириш имконини беради. Бинобарин, темир йўлнинг поездларни ўтказиш қуввати 35 фоиз ошиб, қўшимча иш ўринлари яратилади.
Барчамизга яхши аёнки, бундан йигирма уч йил аввал вилоятда тиббиёт йўналишидаги ишлар ҳам оғир аҳволда эди. Пасқам, кўримсиз ва эски биноларда жойлашган даволаш муассасаларида шарт-шароитлар деярли йўқ эди.  Қисқаси, тизим мутлақо талабга жавоб бермасди. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Президентимиз томонидан ушбу соҳага ҳам катта эътибор қаратилиши натижасида энг юксак талаблар даражасидаги бирламчи тиббиёт, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, вилоят тиббий марказларини ўз ичига олган шифо масканларининг мукаммал тармоғи яратилди.
— Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, ходимлар малакасини ошириш, улар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизими қайта кўриб чиқилиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарди, —  дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида ўозиева. — Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 майдаги “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, шифо масканларимиз зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, замонавий транспорт воситалари ажратилаётгани диққатга сазовордир. “Соғлом она — соғлом бола” ҳаракати доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам бунга мисол бўла олади.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда вилоятда 30 дан ошиқ миллат ва элатдан иборат 2 миллион 800 минг нафардан ортиқ аҳоли ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқда. Уларни эзгу ишлар, хайрли ташаббуслар сари руҳлантириб турган энг улуғвор мақсад эса муштарак. Бу —  Ватанни янада обод, турмушимизни бундан-да фаровон этиш!

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn