Иқтисодий алоқалар учун мустаҳкам замин
  • 25 Сентябрь 2014

Иқтисодий алоқалар учун мустаҳкам замин

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва мазкур соҳага оид замонавий технологияларнинг “FoodWeеk Uzbekistan — 2014” ҳамда “AgriTek Uzbekistan — 2014” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмалари иш бошлади.

Тадбирларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизнинг озиқ-овқат саноати ва аграр тармоғи тобора ривожланиб бормоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш баробарида, уни қайта ишлаш ҳажми ҳам муттасил ортаётгани қувонарлидир. Бунда республикамизнинг чекка туман ва қишлоқларида мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишловчи янги корхоналар ташкил этилаётгани муҳим омил бўлаяпти. Масалан, шу йилнинг биринчи ярмида ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар доирасида 2696 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган бўлса, уларнинг салмоқли қисми бевосита қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳалари ҳиссасига тўғри келди. Натижада импорт ўрнини босувчи турли маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш, тизимга замонавий технологияларни жалб қилишда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўргазмалар ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Негаки, бу тадбирларда юртимиз ва хориж компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган юқори унумли ва тежамкор ускуналар кенг миқёсда намойиш қилинаяпти.
Бу йилги кўргазмада эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қаторида АҚШ, Венгрия, Болгария, Ҳиндистон, Литва, Жанубий Корея, Малайзия сингари дунёнинг 12 мамлакатидан 50 дан зиёд компаниялар ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
— Биз мазкур кўргазмаларда мунтазам равишда иштирок этамиз, — дейди Венгриянинг “Agrometal Klaster ZRT” компанияси президенти Аттила Казмер. — Сабаби, улар жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон иқтисодиёти билан яқиндан танишиш, янги ҳамкорлар топиш учун қулай фурсатдир. Бу гал юртингиз ишбилармонлари ва фермерларига сутни қайта ишлаш линияларини таклиф қилаяпмиз. Ушбу ускуналар ёрдамида кунига 500 литрдан 100 минг литргача сутни қайта ишлаш мумкин. Биз нафақат технологик ускуналарни етказиб бериш, балки уларни ўрнатиш, монтаж қилиш, қисқача айтганда, “калити билан” топшириш вазифасини зиммамизга олганмиз. Бу эса кўпчиликка маъқул тушмоқда.
Кўргазмаларда фаолият кўрсатаётган тўртта махсус бўлимда қишлоқ хўжалиги техникалари, чорвачилик, паррандачилик ва ветеринария асбоб-ускуналари, минерал ўғитлар ва препаратлар, хом ашёни чуқур қайта ишлаш линиялари, мева-сабзавотни қуритиш ҳамда қадоқлаш ускуналари, қандолатчилик учун минитехнологиялар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чанқовбосди ичимликлар намойиш қилинмоқда. Хусусан, пойтахтимиздаги “Natural Food” масъулияти чекланган жамиятида жорий қилинган технология ва бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг муқобили йўқлиги кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлаяпти.
Гап шундаки, мазкур корхонада ундирилган буғдойдан инсон саломатлиги учун жуда фойдали бўлган нон маҳсулотлари, унинг майсасидан шарбат, илдизидан эса хушрўйлаштирувчи восита тайёрлаш йўлга қўйилган. Бунинг учун зарур махсус ускуналар юртимиз олимлари томонидан яратилган бўлиб, уларга хорижда ҳам талаб тобора ортиб бораяпти.
— Айни пайтда махсус технология асосида унсиз, яъни буғдой майсасидан 6 хил нон тайёрлашга ҳам эришдик, — дейди жамият раҳбари Норпўлат Азизов. — Уларнинг вазни 50 граммдан бўлиб, буюртма асосида кунига 1000-1500 дона ишлаб чиқарилаяпти. Жумладан, ўрик, олхўри, узум каби мевалар қўшиб тайёрлангани жуда мазали. Яқин орада маҳсулотимиз турини 25 тага етказишни мўлжаллаб турибмиз.
Уч кун давом этадиган кўргазмалар доирасида маҳаллий ва хорижий компанияларнинг шу каби янги маҳсулотлари тақдимотлари, шунингдек, “2014 йилнинг энг яхши маҳсулоти” танлови ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш маросими ўтказилиши кўзда тутилган.           

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn